01.07.2024 17:11
Шавкат Мирзиёев Кўксаройда БМТ бош котиби билан учрашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 июль куни Куксарой қароргоҳида расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида БМТ Бош котиби давлат раҳбарига Ўзбекистонга келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирган.
Олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, давлат раҳбари Гутерришнинг республикага бу галги, иккинчи ташрифи "Ўзбекистон-2030" стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг тасдиғи эканини таъкидлаган.
Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинган.
"140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кейинги йилларнинг ўзида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилинди.
Йил бошидан буён БМТ Бош котибининг бешта ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўтган ойда мамлакатимиз Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарманинг ваколатхонаси иш бошлади", – дейилади хабарда.
Биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Келгуси йилда Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилган. Давлат раҳбари Бош котибнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий органларини ислоҳ қилиш ҳамда жорий йилда Нью-Йорк шаҳрида Келажак саммитини ўтказиш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган.
Минтақада транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, озиқ-овқат, энергетика ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланган.
Учрашув якунида 2026-2030 йилларда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилган.
Шундан сўнг, Кўксарой қароргоҳида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун мамлакатнинг олий давлат мукофотларидан бири - “Олий даражали дўстлик” орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтган.
Давлат раҳбари мукофотни топширар экан, А.Гутерришнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги юксак даражага етишига қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этган.