29.01.2025 13:30
Саудия Туркиядан 6 миллиард долларлик ҳарбий техника сотиб олади
Туркия ҳукумати Саудия Арабистони билан 6 миллиард долларлик мудофаа шартномасини тузишни режалаштирмоқда. Ушбу келишув доирасида Саудия қироллиги ҳарбий кемалар, танклар ва ракеталарни сотиб олиши мумкин, деб хабар беради Bloomberg.
Расмий маълумотга кўра, Саудия Туркиянинг 5-авлод Каан қирувчи самолётини ишлаб чиқариш лойиҳасига қўшилиши ҳақидаги келишув президент Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг март ойидаги Саудия Арабистонига ташрифи чоғида имзоланиши мумкин.
Истанбулдаги Is Investment таҳлилчиси Анил Улас Косеоглунинг айтишича, саноатнинг умумий экспорти йилига 7 миллиард доллар атрофида эканлигини ҳисобга олса, 6 миллиард доллар катта миқдор ҳисобланади.
Туркия сўнгги йилларда мудофаа саноатини жадал ривожлантирмоқда ва Саудия Арабистонини асосий бозорлардан бири сифатида кўриб келмоқда. 2023 йилда Саудия қироллиги Туркиянинг Baykar компаниясидан дрон сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган эди.
Саудия-Туркия муносабатлари охирги икки йил ичида сезиларли даражада яхшиланди. 2018 йилда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасида журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши ортидан муносабатларда турғунлик кузатилган эди.