14.06.2025 13:05
185
Самарқандда ерлар хитойликларга бериляптими?
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда ўзини Ургут тумани “Агропроми” ходими З.Амонов деб таниширган шахснинг видеомурожаати тарқалган эди. У ўз сўзида пилла, ғалла ва пахта режасини бажармаган, солиқларни тўламаган фермер хўжаликларининг ерлари хитойлик инвесторларга берилишини айтиб чиқди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур видеога ўз муносабатини билдирди.
Қонунчиликка кўра, фермер хўжалиги – ер участкаларидан ижара асосида фойдаланувчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркор.
"Фермер хўжалиги тўғрисида"ги қонуннинг 22-моддасида давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ёки улар мансабдор шахсларининг фермер хўжаликлари фаолиятига аралашиши тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилган.
Ер кодексининг 24-моддасига кўра, ер участкасини ижарага бериш шартномаси фақат тарафларнинг келишувига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.
"Демак, ҳар қандай ташқи босим, таҳдид ёки мажбурлаш орқали фермерларни ердан маҳрум қилишга уриниш – амалдаги қонунчиликка мутлақо зиддир", деган вазирлик.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда ер фақат давлат мулки ҳисобланади ва уни чет эл фуқаролари ёки компанияларига мулк қилиб бериш тақиқланади (Ер кодексининг 16-моддаси).
Шу сабабли, Хитой фуқаролари ёки компанияларига ер ажратиш тўғрисидаги баёнотлар асоссиз, қонунга зид ва ҳақиқатга тўғри келмайди, дея таъкидлади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.