Кучли ёғингарчиликлар Қирғизистоннинг Ўш вилоятида сел келишига сабаб бўлди. Шунингдек, Оқбуйра дарёси қирғоқларидан тошиб, Ўш шаҳри кўчаларини, жумладан, марказий бозорни сув босди. Энг камида беш киши – “Мол Булоқ” дам олиш зонасида сув оқими 44 ёшли аёл ва унинг 6, 10, 19 ёшли қизларини оқизиб кетди, Ўш шаҳрида одамларни эвакуация қилиш жараёнида қатнашаётган эркакни эса КамАЗ тасодифан юриб кетиши натижасида босиб кетди ва ўлимига сабаб бўлди.


Ўш шаҳрида сув тошқини оқибатлари бартараф этилгунга қадар фавқулодда ҳолат жорий этилди. 300 нафарга яқин коммунал хизмат ходимлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари ҳамда Ўш гарнизони ҳарбий хизматчилари йўл ва иншоотларни сув тошқинларидан тозалашда иштирок этмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўш вилояти ва Ўш шаҳрида сел оқибатида Қора-Сув тақсимлаш зонасининг 7,5 минг нафар истеъмолчиси электр таъминотисиз қолган. Сел 8 та электр устунларини ювиб кетган. Оқим еттита машинани ҳам ювиб кетган, улардан тўрттаси топилган.

7 ёшли қизнинг жасади Ўзбекистондан топилди

Жасад кеча, 14 июль куни тахминан соат 22:10 да Андижон (Ўзбекистон) шаҳридаги Шаҳронсой каналидан топилган. «Достук» назорат-ўтказиш пунктида унинг жасади Қирғизистон томонига топширилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги Kaktus.media таҳририятига аниқлик киритишича, қиз Тўлойкан қишлоғидаги «Молбулоқ» дам олиш масканида бедарак йўқолганлардан бири. Унинг онаси ва икки опасини қидириш ишлари давом этмоқда.

Ўш шаҳридаги бозорлардан бирида лой оқиб кетган аёлни ҳам қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Вайронагарчиликлар

Ўш шаҳрида сел оқибатида 146 турар-жой биноси ва битта болалар боғчаси вайрон бўлган. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўш вилоятининг Қора-сув тумани Мади, Додҳоҳ, Бошбулоқ қишлоқларида 642 та уй ва 9 та ижтимоий объектни сув босди. Тўртта мактаб, битта болалар боғчаси, иккита шифохона, музей ва тез тиббий ёрдам пункти бинолари шикастланган.

Андижонда кўприкни сув ювиб кетди

Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларида ҳам сел тошқинлари кўприк қулашига сабаб бўлди.


Кўприк Жалақудуқ тумани Ёрқишлоқ қишлоғидан ўтувчи «Оқбўйра сой» устига қурилган. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг ёзишича, унинг қулаб тушишида сойда қўшни Қирғизистондан оқиб келган ва тўсатдан юз берган кучли сел ҳодисаси асосий омил бўлиши мумкин.

Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмагани маълум қилинди.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, айни дақиқаларда вилоят ҳамда ҳар икки туман раҳбарияти вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳи воқеа жойига етиб борган ва иш олиб бормоқда.

Мавзуга алоқадор