Нега ислом душманлари Қуръонни ўзгартиришолмайди?
Қуръоннинг муҳофаза қилиниши Бирор кимса Қуръоннинг ҳатто битта ҳарфини ҳам ўзгартиролмайди. “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят).
Бир киши ўта ожиз, ёлғиз ҳолида, унга душманлик кайфиятидаги саркаш қавм олдига чиқиб: “Қўлимдаги бу фармоннинг бирорта ҳарфини на сиз ва на сиздан кейингилар ўзгартира олади”, демоқда. Қавмнинг эса энг катта орзуси ва истаги ўша фармонни йўқ қилиш, ҳеч бўлмаса, ўзгартириш. Қизиқ, бу режалари ва уринишларининг натижасиз қолиши у зотнинг қўлидаги фармон Аллоҳнинг китоби эканига далил сифатида етарли эмасми?
Ҳа, Аллоҳ таоло: “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” ояти билан Қуръонни асрашини, унга бирор кимса дахл қилолмаслигини, бирор жумласи, сўзи у ёқда турсин, ҳарфини ҳам ўзгартиролмаслигига ваъда берди. Қуръон нозил қилинганидан бери ўн тўрт аср ўтганига ва муборак Каломнинг душманлари кўп бўлишига қарамай, ҳеч ким ҳеч нарса қилолмади, ўзгартириш киритолмади. Бошқа самовий китоблар бўлмиш Инжил ва Тавротга таҳрирлар киритган ақллар ҳамда қўллар Қуръонга етиб боролмади. Келажакка оид бошқа ғайбий хабарлар сингари “Қуръоннинг ўзгартирилмаслиги”га доир мазкур хабарнинг ҳам тўғри чиқиши далил бўладики, Қуръон Аллоҳнинг сўзи ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг пайғамбаридир.