“Ҳаётга қарашингни ўзгартир”: деизм хатоси (+видео)
Бугун – билим, маълумот кўпайди, илм олиш имкониятлари чек-чегара билмай қолди. Бироқ илм-фан тараққий этгани сари руҳий таназзул, инсонийликдан, яратилиш мазмун-моҳиятидан узоқлашиш, ҳиссий ва қалбий ҳақиқатларни ақл ва мантиқ билан инкор этиш ҳам кучайди. Ана шундай инкорчилар орасида деистлар минг йиллар давомида ҳақлигини миллионлаб бор исботлаган ҳақиқатларни рад этишни бошлади. Ушбу изланишимизда уларни фош қилиш, ўзларининг усуллари, ақл ва мантиқ йўли билан инкор этишни мақсад қилдик. Биринчи қисм – бебаҳо сезгилар инсонга нима учун берилгани ҳақида.
Бир султон икки хизматкорини ҳузурига чақирди. Биттасининг
қўлига ўн олтин бериб, чиройли матодан бир қават кийим тиктиришни буюрди.
Иккинчисини эса минг танга ва нималардир ёзилган қоғозни чўнтагига солиб,
бозорга жўнатди.
Биринчи хизматкор берилган пулга энг гўзал матодан ажойиб
либос олди. Иккинчиси аҳмоқлик қилиб, шеригига ўзини тенглади ва чўнтагидаги
қоғозни ўқиб ҳам кўрмай, дўконга кирди. Сотувчига минг олтинни тутқазиб, бир
қаватгина кийим беришини сўради. Инсофсиз дўкондор: “Бу одам соғ эмасов, довдир
бўлмаса, ўн олтинлик молга минг олтин берармиди?” деб энг расво матодан
тикилган либосни кўрсатди. Бутун сармоясини арзимас нарсага сарфлаган бадбахт
хизматкор саройга қайтди. Чўнтагидаги қоғозни очиб, қарамагани ва аҳмоқона
хариди сабабли султон уни жазолашни буюрди:
“Агар сенинг сифатсиз кийим олишингни хоҳлаганимда, минг
эмас, биринчи хизматкорим сингари ўн танга берган бўлардим. Чунки матонинг энг
яхшиси бу бозорда ўн олтин туради. Қўлингга минг танга берганимдан ҳам сени бир
қатор кийим учун юбормаганимни тушунмадингми? Агар чўнтагингдаги қоғозга
қараганингда эди, мақсадимни билган ва сармоянгни бекорга ишлатмаган бўлардинг.
Қилмишинг учун жазонгни тортасан энди!”
Келтирилган мисолнинг ҳақиқати баёнига келсак, ҳикоядаги
султон азалу абаднинг Эгаси бўлмиш Раббимиздир. Кам маблағ берилган хизматкор
ҳайвонларни; ўн танга уларга ато қилинган сезгилар ва шароитнинг қийматини;
бозор эса дунёни ифодалайди. Минг олтин – одамзотга инъом этилган ақл, қалб,
кўз ва тил каби неъматлар ҳамда нарса-буюм, жиҳозларнинг баҳоси. Иккинчи
хизматкорнинг чўнтагидаги қоғоз унга юритиши керак бўлган тижоратни ўргатган самовий
китоблар ва уларнинг аввалида тургувчи Қуръони каримдир.
Дарҳақиқат, инсон бу дунёга ҳайвон сингари яшаш ва
лаззатланиш учун келмаган. Унга берилган сармоя муҳим тижорат учундир. Агар
ҳайвондек ҳаёт кечириш учун юборилган бўлсайди, минг олтинга, яъни бунчалар
қийматли жиҳозларга ва сезгиларга нима ҳожат бор эди? Унга ҳам ҳайвонларга
берилганчалик берилар, бундан ортиғига эҳтиёж қолмасди.
Асл ҳақиқат шу бўлгани ҳолда, деистлар ҳайвондек яшаш учун
яратилдик, деб даъво қилишади. “Ҳайвон каби яшаймиз, ўламиз ва йўқликка
сингамиз”, дейишади ҳамда бу қарашни ифодаларкан, ақлдан фойдаланишади.
Мазкур намойишда деизмнинг қанчалар бемаънилик эканини,
Аллоҳнинг изни ила, қатъий тарзда исботлашга ҳаракат қиламиз. Суҳбатдошимиз эса
деист. У билан гаплашиб, танлаган йўли аҳмоқликдан бошқа нарса эмаслигини
кўрсатиб берамиз.
Бу кўрсатувни ақлига ва виждонига қулоқ солиб, томоша
қилганлар, иншааллоҳ, деизм хасталигидан қутулади.
Ушбу намойишда пайғамбарлар ва китоблар юборилишининг
зарурати икки карра икки тўрт аниқлигида исботлаб берилган.
Ёрдам ва иноят, ҳидоят ва саломат Аллоҳдандир!