10.07.2025 11:21
83

Россия Кавказдан сиқиб чиқарилмоқдами?

Абу-Дабида бўлиб ўтаётган Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги музокаралар оддий дипломатик учрашув эмас, балки Россиянинг Жанубий Кавказдаги икки асрлик гегемонлигининг тугаганини билдирувчи тарихий воқеа. Бу сафар Кремль ушбу минтақадаги муҳим тинчлик жараёнидан бутунлай четда қолди.

1813 йилда имзоланган Гулистон тинчлик шартномасидан сўнг Россия Кавказга кириб келиб, минтақани ўз империясининг таркибий қисмига айлантирди. Совет даврида мазкур назорат кучайди, мустақилликдан сўнг эса Москва ўзини Кавказдаги ажралмас воситачи ва хавфсизлик кафили сифатида кўрсатишда давом этди. Бироқ бугун тарих ўз ҳукмини чиқармоқда: Россиянинг роли якун топди.

Алиев ва Пашиняннинг БААда музокаралари Анқара, Абу-Даби ва Глобал Жанубнинг кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Янги сиёсий шароитда Кавказ давлатлари Россиядан узоқлашиб, бошқа ҳамкорлик майдонларига юз тутмоқда. Арманистон АҚШ ва Европа билан яқинлашаётган бўлса, Озарбайжон туркий дунё ва ишончли минтақавий иттифоқчиларга таянмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бу жараён Ўзбекистон учун ҳам муҳим сабоқ бўлиши керак. Чунки биз ҳам тарихда Россия империясининг таркибида бўлганмиз. Кавказдаги бугунги геосиёсий ўзгаришлар Марказий Осиёга ҳам ишора бермоқда: ҳудудий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, мустақил ташқи сиёсат юритиш ва янги иттифоқлар шакллантириш вақти келди.

Россиянинг сиқиб чиқарилиши бу фақат сиёсий эмас, балки мафкуравий инқироз ҳамдир. Бу — постсовет маконининг тугаши ва туркий дунёнинг уйғониш даврининг бошланишидир. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.