Россия бош вазири Ўзбекистонга келди
Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин 9 сентябрь куни Ўзбекистонга келди. Уни «Тошкент» халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ўзбекистон ҳукумати раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, 9 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Икки
давлат ҳукумат раҳбарлари раислигида ўтган йиғилишда ўзаро стратегик шериклик
ҳамда ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати, истиқболлари муҳокама этилди.
Мажлисда мамлакатлар
ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилиб бораётгани таъкидланди.
Учрашув якунлари бўйича қўшма коммюнике қабул қилинди ҳамда бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, «саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги йирик лойиҳалар" муҳокама қилинди.
Шу кунининг ўзида Россия ҳукумати делегацияси Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди ва Технопаркда бўлиб, ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар билан танишди.