09.09.2024 15:00

РФ Давлат Думасида муҳожирлар болаларига бепул таълимни бекор қилиш таклифи

ЛДПР партияси Россия бош вазири Михаил Мишустинга муҳожир болаларни бепул таълимдан маҳрум қилиш таклифини тақдим этди.  
Давлат Думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Ниловнинг сўзларига кўра, тегишли қонун лойиҳаси аллақачон тайёрланган.  

Вазирлар Маҳкамаси раҳбарига мурожаатда айтилишича, ҳозирда хорижликларнинг фарзандлари россиялик болалар билан тенг ҳуқуққа эга. Бироқ муҳожир болалар учун таълим муассасаларининг мавжудлиги нафақат ўринлар танқислиги, балки маҳаллий аҳоли орасида таълим даражасининг пасайишига ҳам олиб келади, дея таъкидлади лойиҳа муаллифлари.  

Шу муносабат билан ЛДПР чет эллик мутахассисларнинг фарзандларига Россия бюджети ҳисобидан таълим беришни тугатишни таклиф қилди, деб хабар беради URA.RU.  

Бунгача партия етакчиси Леонид Слуцкий бошчилигидаги ЛДПР фракцияси депутатлари Давлат Думасига Россия фуқаролиги бўлмаган меҳнат муҳожирларига оилаларини Россияга олиб ўтишни тақиқловчи қонун лойиҳасини киритмоқчи экани маълум бўлганди. Бунда фақат юқори малакали чет элликларнинг оила аъзолари учун истисно қилиш кўзда тутилган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.