18.05.2024 09:16

Қозоғистонда Россия қонунчилигини бузган Ўзбекистон фуқароларини ҳибсга олиш бошланди

Қозоғистонда сўнгги вақтларда Россияда қонунни бузган Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олиниши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига таяниб, Gazeta.uz хабар берди.

8 май куни Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистон, балки Россия ҳудудига киришда ҳам ҳеч қандай тўсиқ йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирганди. Сабаби Қозоғистон ва Россия Федерацияси ўртасида маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги шартномалар имзоланган.

Шу сабабли Қозоғистон ваколатли органлари Россиянинг миграцион ва бошқа қонунлари бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлигини текширмоқда.

Агар Россия Федерациясида бўлиш давридаги қонунбузарликлар ёки тўланмаган жарима аниқланса, Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахслар Россия томони мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича якуний қарор қабул қилгунига қадар жазони ижро этиш муассасаларида сақланмоқда.

«Шу муносабат билан Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этиб, Ўзбекистонга келган юртдошларимизга Қозоғистонга бормаслик тавсия қилинади», — дейилади агентлик хабарида.

Ўз навбатида, ТИВ фуқароларга Россия ИИВ Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси веб-сайтидан ушбу мамлакатга киришга тақиқ бор ёки йўқлигини текширишни тавсия қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.