18.11.2024 11:55

Қозоғистон "рақамли кўчманчилар" учун виза талабларини соддалаштирди

Қозоғистон бутун дунёдаги "рақамли кўчманчилар" - масофадан ишловчи ахборот технологиялари мутахассислари, бизнес-муҳожирлар ва саёҳатчилар учун виза талабларини соддалаштирди. Янги чора-тадбирлар 18 ноябрдан кучга кирди.

Жумладан, ахборот технологиялари мутахассислари учун  мўлжалланган, мамлакатда узоқ муддат (90 кундан ортиқ) яшаш ҳамда бир ёки бир неча маротаба киришни кўзда тутувчи Digital Nomad визасини олиш талабларини соддалаштирди. 

Neo Nomad визаси ойига 3000 доллардан зиёд даромад топишини тасдиқлай оладиган масофадан ишловчи мутахассислар олишлари мумкин. Мазкур виза уларга Қозоғистонда онлайн ишлаган ҳолда яшаш имконини беради.

Мамлакат, шунингдек, бизнес-виза олиш шартларини ҳам соддалаштирди. Ҳукумат C5 визасини олувчи учун талабларни камайтирди. 

Яна бир B9 визаси талаб юқори бўлган мутахассислар (масалан, нефть-кимё, тоғ-кон соҳаларида) мўлжалланган. Виза уларга мамлакатда кўпроқ қолиш ва яшаш гувоҳномаси олиш учун ариза топшириш имконини беради.

Бундан ташқари, оилаларнинг бирлашуви енгиллашди. Никоҳ орқали фуқароликни олиш муддати уч йилдан бир йилга қисқарди.

Ушбу ўзгаришлар Қозоғистоннинг сармоявий муҳитини яхшилаш, иқтидорли мутахассисларни жалб этиш вҳамда мамлакатни халқаро бизнес ва туризм учун янада жозибадор йўналиш сифатида тарғиб этишга қаратилган.

"Россия-Украина уруши бошланганидан бери 40 дан ортиқ йирик компаниялар Россиядан Қозоғистонга кўчиб ўтди. Уларнинг умумий қиймати 1,5 миллиард доллардан ошади", - деган эди Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Бауйржан Кудайбергенов жорий йилнинг март ойида.

Бош қароргоҳи ва ишлаб чиқаришини Россиядан Қозоғистонга кўчирган компаниялар орасида Американинг Honeywell, Австралиянинг Fortescue, Япониянинг Marubeni, шунингдек, Хитойнинг TikTok ва InDrive компаниялари бор. Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг Kia компанияси Қозоғистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда: жорий йилнинг сентябрь ойида компания Россия билан чегарадан 150 км узоқликда жойлашган Костанай шаҳрида завод қурилишини бошлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.