15.12.2023 15:06

Эрон 33 давлат, жумладан, Ўзбекистон билан виза тартибини бекор қилди

Эрон ҳукумати 33 давлат билан виза режимини бекор қилиш бўйича келишувни маъқуллади. Эроннинг IRNA ахборот агентлиги хабарига кўра, ушбу давлатлар билан визани бекор қилиш таклифи Маданий мерос, туризм ва халқ ҳунармандчилиги вазирлиги ташаббуси билан чиққан ва Эрон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган.
Вазир Иззатуллоҳ Зарғамий бу қадамни "дадил қарор" деб атаб, бундан буён 33 давлат фуқаролари учун Эронга саёҳат қилиш, унинг табиий, маданий ва диний диққатга сазовор жойларига яқинлашишлари осонроқ бўлишини таъкидлади. 
Унинг эслатишича, Эрон инсониятнинг 27 та моддий мероси билан 10-ўринда, 24 та инсоният номоддий мероси объектлари билан эса 5-ўринда туришини эслатиб ўтди.
Эрон виза режимини бекор қилган давлатлар: Ҳиндистон, Россия, БАА, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Қувайт, Ливан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Тунис, Мавритания, Танзания, Зимбабве, Маврикий, Сейшел ороллари, Индонезия, Бруней, Япония, Сингапур, Камбоджа, Малайзия, Вьетнам, Бразилия, Перу, Куба, Мексика, Венесуэла, Босния ва Герцеговина, Сербия, Хорватия ва Беларус.
Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий Эрон йилининг дастлабки саккиз ойида (21 мартда бошланган) Эронга келган хорижликлар сони 4,4 миллион кишига етган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 48,5 фоизга кўпдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон дунёнинг 32 та давлатига виза режимини бир томонлама бекор қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.