Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи: нималар маълум?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 5 апрель куни ташриф билан Ўзбекистонга келди. Урганч халқаро аэропортида Қасим-Жомарт Тоқаевни Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Дастлаб
икки давлат раҳбарлари Хива шаҳридаги “Хива гиламлари” комбинатига ташриф буюрдилар.
Президентлар
корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ва шоуруми билан танишдилар, комбинат
ҳудудида ташкил этилган «Made in Uzbekistan» бренди остидаги маҳсулотлар
кўргазмасини кўздан кечирдилар.
Масъул
вазирлик ва идораларга ўзаро тажриба алмашиш, кооперация ва савдони
ривожлантиришга кўрсатма берилди.
Сўнгра
Хивада норасмий учрашув бўлиб
ўтди.
Музокараларда
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик
муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни
кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Президентлар
товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли
дастурни шакллантириш ҳамда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий
лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ бердилар.
Қасим-Жомарт
Тоқаев учрашувда қозоқ-ўзбек тандеми ҳаётий зарурат эканини таъкидлади.
«Биз
фақат биргаликда ва уюшибгина мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишини
таъминлай оламиз», — деди Тоқаев.️ Шу муносабат билан Қозоғистон раҳбари
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2034 йилгача бўлган стратегик шериклик ва
иттифоқчилик дастури қабул қилинишини қўллаб-қувватлагани хабар қилинди.
Музокаралар
чоғида давлат раҳбарлари, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва
хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шу нуқтаи назардан президентлар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг
навбатдаги 6-маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг бориши, шунингдек, С5+
форматидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Қозоғистон
президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида
қадимги Хиванинг Ичан-қалъа мажмуаси тарихий обидалари ва Нуриллабой саройини зиёрат қилди.
Шу куннинг ўзида Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунига етди. Олий мартабали меҳмонни Урганч халқаро аэропортида Ўзбекистон президенти кузатиб қўйди.