Қозоғистон АЭС қурилишига 10-12 млрд доллар сарфламоқчи
Қозоғистон, агар АЭС қуриш масаласи миллий референдумда маъқулланса, иншоот қурилишига 10-12 миллиард доллар сарфлашни кутмоқда. Бу ҳақда “Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича маслаҳат ҳужжатида айтилади, деб хабар беради inbusiness.kz.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар маълумотлар базасида эълон қилинган
ҳужжатга кўра, референдумда маъқулланса, республика бюджети маблағлари
ҳисобидан 2035 йилгача атом электр станциясини қуриш режалаштирилган.
Ҳужжат чоршанба куни эълон қилинган ва 27 июлгача
жамоатчилик муҳокамаси босқичида бўлади.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2023 йилнинг сентябрь ойида АЭС қуриш
масаласини умумхалқ референдумига қўйишни таклиф қилган эди. Мамлакат энергетика вазири ўринбосари
Сунгат Есимханов 6 июнь куни Сенат мажлисида референдум муддати куз ойларида
эълон қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Агарда референдумда ушбу масала
маъқулланса, АЭС 2035 йилгача фойдаланишга топширилиши айтилмоқда.
Аввалроқ
ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, АЭС қуриш учун энг мақбул ҳудуд
сифатида Олмаота вилоятидаги Улкен қишлоғи ҳудуди танлаб олинган. Станцияни
совутиш учун Балхаш кўли сувидан фойдаланилади.
Маълумот
учун, Қозоғистонда
1973-1999 йиллар оралиғида Актау шаҳрида 350 МВт қувватга эга АЭС фаолият кўрсатган. МАГАТЭ
маълумотларига кўра, мамлакатдаги уран захиралари 900 минг тоннага
баҳоланганига қарамасдан, айни пайтда атом энергиясидан фойдаланилмайди.