Қирғизистонда уйма-уй юриб динга тарғиб қилиш тақиқланди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров сешанба куни имзолаган “Дин тўғрисида”ги қонунга кўра миссионерлик фаолиятига қатор чекловлар киритилади, деб хабар беради Vb.kg. Эндиликда даъватчиларга уйма-уй юриб, одамларни динга даъват қилиш тақиқланади.
Жапаров
ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Қирғизистоннинг дунёвий фуқаролари қонунни
қўллаб-қувватлагани, диндор фуқаролар эса унинг қабул қилинишига қарши эканини
қайд этган.
“Одамлар
бу сайёр даъватчилар кимлар, уларда муфтийлик, қозият ёки хатибият томонидан
берилган гувоҳнома борми, қайси ташкилот ёки йўналишни тарғиб қилмоқда, бу
йўналиш динимизга зидми, деган саволларга жавоб олмоқчи”, - деб ёзди президент.
Жапаровнинг
сўзларига кўра, даъватчилик мақсадида уйма-уй юриш масаласи илгари қонун билан
тартибга солинмаган: бундай фаолиятга ким рухсат беради, кимлар иштирок этиши
мумкин ва бунинг учун қаерда таълим олиш керак, қандай варақа ёки китобларни
тарқатиш мумкин ва ушбу материалларни ким текширади?
Жапаровнинг
таъкидлашича, даъватчилар кўпинча оиласи, бола-чақасига ғамхўрлик қилмай, ислом
динига даъват қилиш учун узоқ муддатга уйдан чиқиб кетишади.
“Фуқароларимиз
ўз оиласи ва фарзандларини қаровсиз ва боқиш воситаларисиз қолдириб, 3 кун, 40
кун, ҳатто 4 ойга кетиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу қандай гап? Аввал
оилангизни ҳеч бўлмаганда минимал миқдорда озиқ-овқат билан таъминлаб, кейин
бориб одамларни динга даъват қилиш мумкин эмасми?" – сўради қирғиз
раҳбари.
Жапаров
динга қарши эмаслигини, исломга даъват ҳеч кимга зарар келтирмаслигини
таъкидлаб, уни ҳеч кимга ноқулайлик туғдирмайдиган, масалан, тўй-ҳашам, жаноза,
бозор ва бошқа гавжум жойларда ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
“Муфтийлик
ва Уламолар кенгашидан таклифлар кутамиз. Давраларингиз учун қоидаларни энг
кичик тафсилотларигача ишлаб чиқинг ва уларни тақдим этинг. Давлат уларнинг
қатъий бажарилиши ва тартибга солинишига ёрдам беради. Таклифларингизни қанчалик
тез топширсангиз, шунча яхши”, - деди президент.