13.12.2024 12:03

Қирғизистонда ўзини ривожлантириш курслари ниқоби остида "Кришначилар" анжумани ўтказилгани аниқланди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, анжуманда индивидуал ва жамоавий медитация, сектага хос бўлган қўшиқларни куйлаш каби амалиётлар қўлланган. Тергов давомида миссионерлар руҳий таъсир ўтказиш ва манипуляция қилиш орқали ўз тармоғини кенгайтиришга ҳаракат қилгани аниқланган.

Тадбир ташкилотчилари ва унда иштирок этган секта аъзоларига 120 минг сом миқдорида жарима солинди. Қирғизистон қонунчилигида миссионерлик фаолияти ва диний секта тарғиботи бўйича қатъий чекловлар белгиланган бўлиб, бу каби ҳолатлар давлат органлари томонидан жиддий назорат қилинади.

"Кришна онги" жамияти каби гуруҳларнинг фаолияти кўпинча ижтимоий хавф туғдириши мумкинлиги қайд этилади. Айниқса, уларнинг манипулятив амалиётлари жамиятда танқидга учрайди.

Қирғизистондаги диний ва секта фаолиятлари давлат томонидан қатъий назорат қилинмоқда, шунингдек, бу каби ҳаракатларнинг тарқалиши олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.