21.05.2025 12:07
116
Қирғизистонда суд мажлисларини аудио ва видеога ёзиб олиш мажбурий бўлди
Кеча, 20 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу ҳужжат орқали Жиноят-процессуал кодекси ва суд тизимига "видео-конференц-алоқа" ва "трансляция" тушунчалари киритилади.
Шунингдек, эндиликда Қирғизистонда суд мажлисининг бориши аудио ва видео воситалар орқали мажбурий тарзда қайд этилади.
Агар суд мажлисининг аудио ва видео ёзувлари мавжуд бўлмаса, бу суд қарорини ўзгартириш, қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш учун асос сифатида кўрилади.
Бундан ташқари, жиноятнинг оғирлигига қараб гаровнинг энг кам миқдорлари белгиланади.
Ҳозирча жиноят қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлар қачондан кучга кириши ва тартиблари ҳақида маълумот берилмаган.