21.12.2024 06:40
Қирғизистонда милиционерларни видеога олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси рад этилди
Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) 19 декабрь куни милиционерларни обрўсизлантириш мақсадида видеога олишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиб, уни рад этди.
Лойиҳада милиция ходимларининг хизмат фаолиятини суратга олиш ва бу материалларни обрўсизлантириш мақсадида тарқатган шахсларга нисбатан жарима ёки ҳибсга олиш жазосини қўллаш таклиф этилган эди.
Шунингдек, қонун лойиҳаси жиноят ва маъмурий кодексларга ўзгартиш киритишни назарда тутган. Депутат Суюнбек Ўмурзоқовнинг айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ҳимоя қилиш ва улар фаолиятига ноқонуний аралашувнинг олдини олиш мақсад қилинган.
Қонун лойиҳасига кўра, милиционерларнинг фаолиятини суратга олиш ва тарқатиш жисмоний шахслар учун жарима ёки 5-7 кунлик ҳибс жазосига сабаб бўлиши керак эди.
Бу ўзгаришлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар обрўсини ҳимоя қилишга қаратилган, деб изоҳланган.
Лойиҳа бўйича ўтказилган муҳокамада депутатларнинг аксарияти қонун лойиҳасига қарши чиқди ва уни қўллаб-қувватламасликка чақирди. Якуний овоз бериш натижасида лойиҳа етарли овоз тўплай олмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳам ички ишлар органлари ходимларини тасвирга олиб тарқатишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Бироқ ушбу лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси ва танқидларидан сўнг Сенат томонидан қайта кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига қайтарилган.