03.07.2025 12:05
115

Қирғизистонда исломий молияга қизиқиш кескин ошмоқда

Қирғизистон Миллий банкининг маълум қилишича, жорий йил бошидан буён исломий молияга талаб қарийб 50 фоизга ошган. 

Миллий банк мутахассисларининг фикрича, аҳоли исломий молиявий ташкилотларнинг шартларини анъанавий банклар ва кредит уюшмаларига нисбатан жозибадорроқ деб ҳисоблайди. 

Жумладан, 2024 йилда исломий молия ҳажми 10 миллиард сомдан ошиб, 2023 йилга нисбатан 45 фоизга кўпайган. 2025 йил ёзига келиб эса бу кўрсаткич 12,1 миллиард сомга етган (ўсиш – 33,6%).

Исломий молия қўлланиладиган барча соҳаларда бу жараён кузатилмоқда. Айниқса, энг катта ўсиш истеъмол кредитлари сегментида қайд этилган. Жорий йил бошидан бери фуқаролар исломий молиявий ташкилотлардан турли эҳтиёжлари учун тахминан 2,4 миллиард сом миқдорида маблағ олган – бу 2024 йил охирига нисбатан 49,9%га кўп дегани.

Мамлакатда исломий ипотека ҳам оммалашяпти. Бу йўналишдаги ўсиш 32,8%га етган: уй-жой хариди учун ажратилган маблағлар ҳажми 4,3 миллиард сомни ташкил этмоқда.

Исломий кредитлаш орқали бизнесни молиялаштириш ҳам барқарор ўсаётгани диққатга сазовордир.

Миллий банкнинг Исломий молиявий маҳсулотлар бўлими раҳбари Самара Майташованинг таъкидлашича, исломий молияга бўлган талабнинг ўсиши, банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар тубдан фарқ қилувчи структура билан боғлиқ. 

Маълумот учун, айни пайтда мамлакатда битта исломий банк, 4 та “исломий ойнали” анъанавий банк ҳамда 10 та исломий тамойилларга амал қилувчи молиявий ташкилот фаолият юритмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.