Қирғизистон уран ва торий конларини ўзлаштиришга тақиқни бекор қилмоқчи
Қирғизистон Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги уран ва торий конларини тадқиқ қилиш, қидириш ва ўзлаштиришга қўйилган тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.
Қонун лойиҳаси учун масъул Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва
ўрмон хўжалиги давлат агентлигининг таъкидлашича, мазкур тақиқ халқаро ва миллий
инқирозли вазиятларнинг мамлакат иқтисодиёти ва умумий ривожланишига салбий
оқибатларини янада кучайтирган.
“2020–2023 йиллардаги воқеаларнинг оғир иқтисодий
оқибатларини ҳисобга олиб, Қирғизистон иқтисодиёти зудлик билан бошқа даромад
манбаларига муҳтож”, — таъкидлайди қонун лойиҳаси муаллифлари.
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси порталига жойлаштирилишидан олдин мамлакат президенти
Садир Жапаров интервью бериб, уран масаласида “ваҳимага тушмасликка” чақирганди.
“Иккинчи Қумтор (Қирғизистондаги олтин кони) очилди, деб
айтишимиз мумкин. У ерда 10 га яқин кон мавжуд. Биргина кондан 2 миллиард доллардан ортиқ соф фойда
оламиз. Ўтган йили «Қумтор»нинг соф фойдаси 300 миллион доллардан ошди,
компания 30 миллиард сомга
яқин солиқ тўлаган. Агар бу соҳа ишлай бошласа, халқ ва давлат учун ҳам фойда
бўлади”, - дея тушунтирди Қирғизистон
раҳбари.
Президент титаномагнетит таркибидаги уран миқдори минимал ва
хавф туғдирмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у бойитилган уранга эҳтиёткорлик
билан муносабатда бўлиш ҳамда
қазиб олингандан сўнг участканинг мелиоратив ҳолатини режалаштириш зарурлигини
таъкидлади.
Уран ва торий конларини ўзлаштиришни тақиқловчи қонун 2019
йил декабрида Тош-Булоқ конида уран қазиб олишга қарши петиция ва митинглар
билан боғлиқ “уран можароси”дан сўнг киритилган эди. Ҳукумат бу соҳадаги
ишларни тўхтатди, кейин эса парламент ўзлаштириш ишларини тўлиқ тақиқлади.