Пекин Шарқий Туркистонни "геноцид лабораторияси"га айлантирмоқда
Хитой ҳукумати Урумчида Шарқий Туркистонни бошқариш бўйича йиғилиш ўтказди. Унда Ижтимоий фанлар академиясининг янги бўлими очилиши ҳам маълум қилинган. Расмийларга кўра, янги бўлим ҳудудни "самарали бошқариш" учун ташкил этилган.
Мажлисда Ғарб томонидан этник геноцидда айбланаётган Чэн Цюаньго, Эркин Тунияз, шунингдек Академия раҳбари Гао Сян чиқиш қилган. Улар Хитой коммунистик партияси томонидан Уйғур автоном райони бўйича ишлаб чиқилган стратегияни "ижтимоий барқарорлик ва миллатнинг онгини мустаҳкамлайдиган қурол" сифатида олқишлаган.
Маълумот учун, Хитой ижтимоий фанлар академияси (CASS) – ҳукумат даражасидаги тадқиқот институти ва таҳлил маркази ҳисобланади. Янги бўлим эса Хитойнинг ярим йил ичида Шарқий Туркистонда очилган учинчи маркази ҳисобланади. Таҳлилчилар фикрича, Пекин назарий тадқиқот ва амалий чораларни уйғунлаштириб, минтақадаги босқинчилик сиёсатини янада тизимлаштирмоқчи.