20.07.2024 09:45

Озарбайжон мустамлакачиликка қарши жабҳа очди

17-18 июль кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида француз мустамлакачилигига қарши ҳаракатларнинг биринчи қурултойи бўлиб ўтди.

Унда Корсика, Меланезия, Полинезия мустақиллиги учун курашаётган 20 га яқин сиёсий партия ва ҳаракатлар етакчилари, Франция мустамлакачилигидан жабр кўрган Кариб денгизи ва Антил ороллари гуруҳи, шунингдек, Голландиянинг икки мустамлакаси ваколатли вакиллари иштирок этди.

Конгресс якунлари бўйича халқаро озодлик жабҳасини ташкил этиш тўғрисидаги декларация имзоланди ва унинг низоми тасдиқланди.

Ҳужжатда ирқчилик ва репрессия сиёсати, хусусан, Франция ҳукумати томонидан Янги Каледония ва бошқа мустамлака ҳудудларида содир этилган жиноятлар қораланади.

Халқаро озодлик жабҳасининг ташкил этилиши француз мустамлакачилигига қарши марказлашган платформани шакллантиришга қаратилган. Қурултой иштирокчилари мустақиллик учун курашда янада яқинроқ бирлашишга, шунингдек, француз мустамлакачилиги устидан ғалаба қозониш ва мустақилликка эришиш йўлидаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қарор қилдилар.

Жабҳа мустамлакачилик остида қолаётган бошқа ҳудудларнинг аъзолари учун очиқ бўлади. Унинг келажакдаги фаолияти мустамлакачиликни йўқ қилиш стратегияси, ҳаракат режаси ва кун тартибини ишлаб чиқиш ҳамда уларни халқаро ташкилотларга тақдим этишни ўз ичига олади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.