22.05.2024 14:30

Таҳлил: Нима учун Франция Янги Каледония воқеаларида Озарбайжонни айбламоқда?

Франция парламентининг Янги Каледония Конституциясига камида 10 йил аввал минтақага кўчиб келган хорижликларга сайловларда овоз бериш ҳуқуқини беришни кўзда тутган ўзгартиришни киритиш таклифи маҳаллий аҳолининг норозиликларига сабаб бўлди ва энг камида беш киши ҳаётдан кўз юмган тартибсизликларга айланиб кетди. Минтақа аҳолисининг фикрича, 1998 йилги Ноумеа келишуви қоидаларига зид равишда Конституцияга киритилиши кутилаётган ўзгартириш аҳолининг 40 фоизга яқинини ташкил этувчи канакларнинг овозини хорижликлар фойдасига заифлаштиради.

Ноумеа келишуви Янги Каледонияда 1998 йилгача яшаган шахслар ва уларнинг фарзандлари учун овоз бериш ҳуқуқларини чеклаган ҳамда озчиликка айланиб бораётган канаклар учун кўпроқ ваколатларни тақдим этишни кўзда тутган. Минтақадаги тўқнашувлардан сўнг Франция ички ишлар вазири France-2 телеканалига интервью берар экан, Озарбайжонни ҳудуддаги сепаратистларни (айирмачилар) қўллаб-қувватлашда айблади. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни рад этиб, Франция ички ишлар вазири ўз мамлакатининг бундай норозиликларга сабаб бўлган муваффақиятсиз ташқи сиёсатига эътибор қаратиши кераклигини айтди.

Янги Каледония мустақиллиги тарихи

Янги Каледония 1774 йил 4 сентябрда инглиз тадқиқотчиси Жеймс Кук томонидан Ғарб дунёси учун кашф этилган ва 1853 йил 24 сентябрда Франция томонидан босиб олинган. Ўшандан бери маҳаллий аҳоли ва француз маъмурияти ўртасида низолар келиб чиқади. Бу кескинлик ҳатто 1953 йилда ҳам ўзгармади, ўшанда минтақа Франциянинг денгиз ортидаги ҳудудига айланган ва минтақа аҳолиси Франция фуқаролигини олганди. 1983 йилда минтақага кенгайтирилган автономия мақоми берилди, аммо 1986 йил март ойида Францияда сайланган ўнг марказчи ҳукумат маҳаллий халқларни ҳисобга олмаган ҳолда ерларни қайта тақсимлади, натижада ерларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи европаликлар қўлига ўтди.

1998 йилги Ноумеа келишувига мувофиқ, 20 йил давомида ваколатларни босқичма-босқич маҳаллий ҳокимият органларига топширишга қарор қилинди. Бу даврда 2018, 2020 ва 2021 йилларда автономия ўз мустақиллигини қўлга киритиш учун 3 марта референдум ўтказилди. Янги Каледония сўнгги 25 йил давомида мустақилликка қарши маъмурият томонидан бошқариб келинмоқда, аммо мамлакатда мустақиллик тарафдори бўлган ҳаракат ҳам нуфузга эга.

Озарбайжон ва Франция ўртасидаги кескинлик парда ортида

Янги Каледонияда содир бўлган сўнгги воқеалар Озарбайжонга икки жиҳатдан алоқадор.

Биринчидан, минтақадаги мустақиллик тарафдорлари Covid-19 пандемияси туфайли бойкот қилишга қарор қилган 2021 йилги референдум Озарбайжоннинг Қўшилмаслик ҳаракати (ҚҲҲ)га раислик қилган даврга тўғри келди.

Иккинчидан, 2020 йилда Озарбайжон ўз ерларини арман босқинидан озод қилди. Бироқ президент Эммануэл Макрон маъмурияти Қорабоғдаги сепаратистик ҳаракатни халқаро ва ички миқёсда ноқонуний равишда қўллаб-қувватлади, шу билан бирга, Янги Каледония аҳолисининг қонуний ҳуқуқларига чекловлар киритди.

2020 йилдаги 44 кунлик урушдан сўнг дарҳол Франция Сенати ноқонуний “Қорабоғ Республикаси”ни тан олишга қарор қилди. Франция президенти Эммануэл Макрон, масалани БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқиб, Франциядаги халқаро “тинчликпарвар куч”ларни минтақага жойлаштириш орқали Қорабоғдаги ишғол тузилмасини қонунийлаштиришга ҳаракат қилди. Айни вақтда Франция бошчилигида Қорабоғдаги айирмачиларга халқаро гуманитар ёрдам ниқоби остида кўмак юборилди.

Бошқа томондан, Европа Иттифоқи фуқаролик кузатувчилари миссияси Арманистон-Озарбайжон чегарасига жойлаштирилди ва Озарбайжонга қарши қарор қабул қилишлари учун Европа Иттифоқи муассасаларига босим кучайтирилди. Франция эса Арманистонни қуроллантириб, халқаро миқёсда “Озарбайжон Арманистонга ҳужум қилади” деган нотўғри маълумот тарқатди. Франциянинг бу позицияси Жанубий Кавказда янги мустамлакага эга бўлишга уриниш сифатида баҳоланди.

Озарбайжон Францияни бу душманлик позициясидан воз кечишга ва Озарбайжоннинг халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган ҳуқуқларини бузмасликка чақирди. Президент Илҳом Алиев Арманистон билан баъзи музокараларда Эммануэл Макроннинг иштирок этишига эътироз билдирмади. Бироқ, Озарбайжоннинг ёндашувига қарамай, Франция Озарбайжонга нисбатан позициясини ўзгартирмади.

Франциянинг позицияси Озарбайжон қўшилмаслик ҳаракатига раҳбарлик қилган даврга тўғри келди. 2019 йилда Бокуда бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати саммитидан сўнг Озарбайжон ҳаракатга раисликни ўз зиммасига олди ва ҳаракатни 2023 йилгача бошқариб, уни институционаллаштириш ва халқаро майдонда самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшди.

Шу билан бирга, БМТ Низомида мустамлакалар учун назарда тутилган энг муҳим ҳуқуқлардан бири бўлган “ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи” 1955 йилда Қўшилмаслик ҳаракатининг Бандунк конференциясида қабул қилинган. Шу нуқтаи назардан, 2023 йил 6 июль куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати Мувофиқлаштирувчи бюросининг вазирлар йиғилиши доирасида бўлиб ўтган “Мустамлакачиликни бутунлай йўқ қилиш сари” мавзусидаги давра суҳбати иштирокчилари Боку ташаббус гуруҳини тузди.

Бу гуруҳнинг асосий мақсади мустамлака остидаги халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойилини кун тартибида сақлаб қолиш эди. 2023 йил 2 март куни Алиев Қўшилмаслик ҳаракати алоқа гуруҳи саммитида нутқ сўзлади.

“Биз Франция ҳукуматини Янги Каледония ҳамда Франциянинг хориждаги ҳамжамиятлари ва ҳудудларидаги бошқа халқларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирамиз”, - деди у.

Бокудаги йиғилишда қатнашган Янги Каледония Конгресси раҳбари Роке Вамитан: “Биз қўшилмаслик ҳаракати аъзолари бизнинг интилишларимиз ва мустақиллигимизга эришишимизга ёрдам беради, деб ишонамиз”, - деди.

Ҳозирги воқеалар

2024 йил 18 апрелда Бокуга келган Янги Каледония депутатлари иштирокида “Янги Каледония: тарих, замонавий муаммолар ва кутилаётган келажак” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Шу куни Бокуда Озарбайжон парламенти ва Янги Каледония Конгресси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Келишувга кўра, Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти) Янги Каледония маҳаллий аҳолисининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади ва Озарбайжон бу борада халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиши келишиб олинди.

Янги Каледонияда Конституцияга ўзгартириш киритишга қарши намойишлар давом этар экан, 16 май куни Бокуда Боку ташаббус гуруҳи ташаббуси билан Франция мустамлакаларида ўз мустақиллиги учун курашаётган 14 та сиёсий ҳаракат вакиллари қўшма декларация эълон қилиб, Янги Каледония халқи талабларини қўллаб-қувватлади. Гуруҳ томонидан қўллаб-қувватланган бу йиғилиш Франция ҳукуматини хавотирга солиб, Озарбайжонни бу маънавий ва сиёсий ёрдамни қоралаш мақсадида айирмачиларни қўллаб-қувватлашда айблади.

Хулоса қилиб айтганда, Франция ҳукумати Каледония минтақаси аҳолисининг қонуний талабларини қондириш ва минтақа муаммоларига эътибор қаратиш ўрнига ташқи душманлар яратишга интилади. Фақат демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган давлатдек кўринган Франция, афсуски, маҳаллий аҳолининг қонуний талабларини бажаришдан йироқ. Озарбайжоннинг Янги Каледония халқига бўлган қизиқиши, авваламбор, Қўшилмаслик Ҳаракатига раислик қилган даврда бошланган. Озарбайжоннинг канакларни қўллаб-қувватлаши сиёсий ва маънавий ёрдамдан нарига ўтмади. Франция расмийлари эса, ўзлари даъво қилганидек, Озарбайжоннинг махфий фаолиятига оид ҳеч қандай далил келтира олмади.

Жавид Велиев, Озарбайжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази ташқи сиёсий таҳлил бўлими бошлиғи, “Онадўли” АА.

Маълумот учун, Янги Каледония Франциядан 17 минг чақирим узоқликда, Австралия қитъаси яқинида жойлашган орол. Янги Каледония қимматбаҳо никель металини ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринда туради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.