19.07.2024 10:27

Янги Каледония Франция қўшинларининг чиқиб кетишини талаб қилмоқда

Канак социалистик миллий озодлик фронти Франция хавфсизлик кучларини оролдан “зудлик билан” олиб чиқиб кетишга чақирди.

Ташкилот Парижни Янги Каледониянинг туб аҳолисини ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ўз ерларини мустақил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилишга қаратилган конституциявий ислоҳотга қарши чиққанларга нисбатан қаттиқ босимни давом эттиришда айблади.

Матбуот анжуманида фронт етакчилари май ойида бошланган норозилик намойишларини бостириш учун Франция ҳукумати томонидан зирҳли техника билан бирга юборилган қўшимча полиция, жандарм ва ҳарбий хизматчиларни оролдан олиб чиқишни талаб қилди.

13 майдан бери Янги Каледонияда оммавий тартибсизликлар оқибатида 10 киши ҳалок бўлди. Бир неча бино ва транспорт воситалари, жумладан полиция бўлими ҳам ёқиб юборилган.

Маҳаллий канаклар 300 минг киши истиқомат қилаётган Франция мустамлакаси аҳолисининг тахминан 40 фоизини ташкил қилади.

Париж ўзгартиришлар орқали Янги Каледонияда истиқомат қилувчи 25 мингдан ортиқ этник французлардан иборат қўшимча гуруҳга овоз бериш имкониятини бермоқчи. Бу маҳаллий аҳолининг сайловлардаги таъсирини жиддий равишда камайтиради.

Оролларда мустақиллик бўйича референдумлар уч марта – 2018, 2020 ва 2021 йилларда ўтказилган. 17 000 км узоқликда жойлашган Франциядан ажралиб чиқиш тарафдорлари ўшанда керакли овозларнинг ярмини тўплай олишмади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.