02.02.2024 17:30

Озарбайжон Франциянинг минтақадаги ўрнини мустаҳкамлашига йўл қўймайди – Алиев

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Францияни Арманистонга ҳарбий кўмак кўрсатиш орқали минтақадаги кескинликни оширишга ҳисса қўшишда айблади.

Франция минтақада юритаётган бузғунчи сиёсатиоловга ёғ сепиш” тамойилидан келиб чиқади, деди Илҳом Алиев Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашувда.

Озарбайжон раҳбари Франция Арманистонни ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамлаш сиёсатини фаол олиб бораётгани ва геосиёсий интригалар уюштираётганини таъкидлаб, расмий Париж минтақадаги вазиятнинг кескинлашувига ҳисса қўшаётгани, турли халқаро ташкилотлар ва парламент даражасида Озарбайжонга қарши позицияни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади.

Алиев Франциянинг Жанубий Кавказ минтақасида ўз таъсирини кучайтиришга интилаётганини, шу билан бирга уларнинг бу йўналишдаги ҳаракатлари бесамар кетаётганини таъкидлади.

Аввалроқ Франция парламентининг юқори палатаси Озарбайжон ҳудудий суверенитетини тиклаш бўйича ҳарбий қарорини қоралаб, ҳибсга олинган айирмачиларни озод этиш талаб қилувчи резолюция қабул қилган эди.

Резолюция, шунингдек, Франция ва Европа Иттифоқини “Озарбайжон билан муносабатларни тўлиқ қайта кўриб чиқиш”га чақиради, жумладан, санкциялар қўлланилиши мумкин.

Бунга жавобан Озарбайжон парламенти Франция билан “барча иқтисодий алоқаларни тўхтатиш” ғоясини илгари сурди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 4 октябрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Испаниянинг Гранада шаҳрида Арманистон ва Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари билан режалаштирилган учрашувда иштирок этишдан бош тортганди. Бу учрашувда Ереван ва Боку ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши керак эди.

Кейинроқ Алиев тадбирга Франциянинг нохолис позицияси туфайли бормаганини айтди. У, шунингдек, Франциянинг Арманистонга қурол етказиб беришини тинчлик ўрнатишга ҳисса қўшмайдиган, аксинча янги қарама-қаршилик учун шарт-шароит яратадиган стратегия деб атади. Президент минтақада келгусида ҳар қандай можаролар юзага келса, бунинг учун асосий масъулият Франция зиммасига тушишини таъкидлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.