02.10.2024 18:30

Озарбайжон Арманистон томонидан ўрнатилган 158 мингдан ортиқ миналарни зарарсизлантирди

Озарбайжон ишғолдан озод қилинган ҳудудларда Арманистон армияси томонидан жойлаштирилган 158 мингдан ортиқ мина ва портламаган ўқ-дориларни тозалади.

Арманистон ишғолидан озод қилинган Қорабоғ вилояти ва унинг атрофидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишлари давом этмоқда. Тахминларга кўра, арман томони озод қилинган ҳудудларга юз минглаб мина ўрнатган.

Миналарни тозалаш ишлари Озарбайжон Қуролли кучларининг муҳандислик бўлинмалари билан биргаликда Озарбайжон миналарга қарши агентлиги (ANAMA) томонидан амалга оширилмоқда. Бу жараёнга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Чегара хизмати ва қатор хусусий корхоналар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

«Анадолу» Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларда олиб борилган миналардан тозалаш ишлари, шунингдек, мина портлашлари қурбонлари ҳақидаги маълумотларни тўплади. Унга кўра, 2020 йил 10 ноябрда Иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан бери 162 минг гектар майдон тозаланди.

Тозаланган ҳудудларда 104 мингдан ортиқ портламаган ўқ-дорилар, 33 мингдан ортиқ пиёдаларга қарши миналар ва 20 мингдан ортиқ танкга қарши миналар аниқланган. Ҳаммаси бўлиб 158 мингдан ортиқ мина ва портламаган ўқ-дорилар зарарсизлантирилди.

Уруш тугаганидан бери ишғол пайтида арман кучлари томонидан ўрнатилган мина портлашлари натижасида 70 нафар Озарбайжон фуқароси ҳалок бўлди, 309 нафари яраланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.