26.01.2024 10:02

Боку: арманлар Озарбайжон ҳудудларига 1 миллиондан ортиқ мина жойлаштирган

Озарбайжон ҳудудларида арманлар томонидан қўйилган миналар сони 1 миллиондан ошиб кетди, дея хабар бермоқда Anadolu республика ТИВ матбуот хизматига таянган ҳолда.

Қайд этилишича, ТИВ Арманистон Миллий хавфсизлик хизматининг 2024 йил 25 январдаги Озарбайжонга миналар хариталарини бериш нияти ҳақидаги баёнотини инобатга олган.

Таъкидлашича, Озарбайжон томони Арманистондан 2020 йилги Қорабоғ уруши олдидан ҳам, можародан кейинги даврда ҳам миналар хариталарини тақдим этишни бир неча бор талаб қилган.

“2020 йил 10 ноябрда уч томонлама декларация имзолангандан сўнг, Арманистон дастлаб инкор этган, кейин эса халқаро босим натижасида тақдим этилган миналар хариталарининг кичик бир қисмида аниқлик бор-йўғи 25 фоизни ташкил этгани маълум бўлди. Берилган хариталарнинг фойдасиз, тўлиқ эмас ва реал вазиятни акс эттирмаслигини бир неча бор таъкидлаганмиз. Гарчи бу хариталар бизнинг ҳудудларимизда кўмилган 400 минг мина борлигини кўрсатса-да, аслида миналар сони 1 миллиондан ошади”, — дейилади ТИВ хабарида.

Қўшимча қилинишича, сўнгги йилларда мина портлашларининг 55 фоиздан ортиғи Арманистон тақдим этган хариталардан ташқарида содир бўлган.

Ташқи ишлар вазирлиги 2020 йилда Қорабоғдаги уруш тугаганидан буён 342 нафар Озарбайжон фуқароси мина портлашларидан жабр кўрганини, улардан 65 нафари, жумладан, 3 нафар журналист ҳалок бўлганини эслатди. Ҳалок бўлган 65 кишидан 50 нафари тинч аҳоли вакили ҳисобланади.

Россия тинчликпарвар кучлари вақтинча жойлаштирилган Озарбайжон ҳудудларида ва бу ҳудудлар периметри бўйлаб 2020 йилдан кейин ҳам Арманистон янги миналарни ўрнатиш факти мавжуд.

Маълумки, бу ерда 500 мингдан ортиқ мина ўрнатилган. Шу билан бирга, бу Арманистон сўнгги ўн йилликларда гўёки мина ишлаб чиқармаган ёки экспорт қилмагани ҳақидаги баёнотлар асосга эга эмаслигини кўрсатди”, — дейилади вазирлик хабарида.

ТИВнинг таъкидлашича, Арманистон баёноти ушбу давлатнинг нияти инсонпарварлик жараёнини илгари суриш эмаслигини кўрсатади ва бу қадам ишончни мустаҳкамлаш чораси сифатида баҳоланиши мумкин эмас.

“Озарбайжон томони Арманистондан Озарбайжонга тўлиқ тақдим этилмаган барча миналанган ҳудудларнинг аниқ хариталарини тақдим этишини кутмоқда. Бундан ташқари, Арманистон сўнгги 30 йил ичида бедарак йўқолган 4 мингга яқин озарбайжонликларнинг тақдири, шунингдек, озарбайжонликлар дафн этилган оммавий қабрлар ҳақида маълумот бериш учун шошилинч чоралар кўриши керак”, — дейилади ТИВ баёнотида. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.