11.03.2024 08:30

Озарбайжон Арманистон босиб олган 4 қишлоқ қайтарилишини талаб қилмоқда

Озарбайжон Арманистон томонидан босиб олинган 4 қишлоқни зудлик билан қайтаришни талаб қилди, дея хабар бермоқда Anadolu.

Озарбайжон бош вазири ўринбосари, Озарбайжон-Арманистон чегарасини белгилаш комиссияси ҳамраиси Шаҳин Мустафоевнинг матбуот хизмати баёнотида ҳозиргача томонлар 7 марта учрашган ва ҳозирда чегарани белгилаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

“Сўнгги пайтларда Арманистон оммавий ахборот воситаларида Озарбайжон томонидан Арманистоннинг 31 қишлоғи босиб олингани ҳақида ёлғон хабарлар эълон қилинмоқда. Чегараларни белгилашдан олдин Арманистонга тегишли ерлар “босиб олинган” деб айтиш мутлақо асоссиздир”, — дейилади баёнотда.

Ҳужжатда “4 қишлоқ (Баганис-Айрим, Қуйи Эскипара, Гейримли ва Қизилхажили) Арманистон ишғоли остида ҳамда эксклав эмас, улар сўзсиз Озарбайжонга тегишли ва зудлик билан қайтарилиши кераклиги таъкидланган. Арманистон томонидан босиб олинган 4 та эксклав қишлоқнинг (Юқори Эскипара, Софулу, Берҳударли ва Керки) қайтарилиши масаласи демаркация жараёни доирасида ҳал қилинади”.

Эслатиб ўтамиз, 1993 йилги 1-Қорабоғ уруши вақтида Арманистон Газах туманининг 7 та қишлоғи ва Нахичеваннинг 1 қишлоғини, Қорабоғ ва қўшни туманларни босиб олган эди. 2020 йил кузида бўлиб ўтган 2-Қорабоғ уруши даврида Қорабоғ ва унга қўшни туманлар ишғолдан озод қилинган, 4 таси эксклав бўлган 8 та қишлоқ арманлар назорати остида қолган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.