18.02.2025 13:16
338
Олмалиқдаги колониядан 21 ёшли маҳкумнинг ўлиги чиқди
Олмалиқдаги 14-сонли колониядан 15 февраль куни 21 яшар маҳкум – Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Маҳкумнинг Фарғона шаҳрида яшовчи онаси Нигора Қамбарованинг айтишича, у ўғли билан шу йилнинг 26–28 январь кунлари узоқ муддатли учрашувларда бўлган. Аёлнинг билдиришича, ўғли халқаро спорт турнирлари ғолиби бўлиб, болалигидан спорт билан шуғулланган. Бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган, унда бирор ёндош касалликлар кузатилмаган. Безориликда айбланиб, 3 йилга қамалган ёлғиз ўғли шу йил августида манзил колонияга чиқиши керак эди.
Колония маъмурияти эса Муҳаммадқодир миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этганини айтмоқда. Бироқ унинг онаси фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини билдирган.
“Бизда шубҳа туғдирган ҳозирча ягона жиҳат колония маъмуриятининг маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаганлигидир”, деб ёзди Абдураҳмон Ташанов.