24.09.2025 12:13
230

Мирзиёев Ғазо ва Украинадаги вазиятга тўхталди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Украина ва Ғазода рўй бераётган воқеаларга тўхталиб, бу ҳаракатларга нуқта қўйиш кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда у 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида айтиб ўтди. 

Президент Ғазо секторидаги тобора ёмонлашиб бораётган гуманитар инқироз ҳақида гапирар экан, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирган.

“Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз”, деган Мирзиёев БМТ минбарида туриб. 

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Украина атрофидаги вазият ҳам барчани жиддий ташвишга солаётганини қайд этиб, бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаган.

Президент барчанинг барқарор тараққиётини таъминлаш ҳақида сўз юритилар экан, мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим эканига эътибор қаратган. Шу маънода, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш таклиф этилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.