24.09.2025 11:06
194
Мирзиёев БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибини кенгайтиришни таклиф қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида ўз ишини бошлаган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси умум-сиёсий мунозараларида нутқ сўзлади.
Мирзиёев сўзининг аввалида иштирокчиларни БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани –80-сессияси билан самимий қутлаган. Мазкур йиғилиш шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтаётгани, бу эса ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорлаётганини қайд этди.
“Ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда”, деган Мирзиёев..
Президент Бош котиб Антониу Гутерришнинг энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун БМТни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаган. “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлади, мамлакатимиз Келажак учун пактга қатъий содиқлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон етакчиси замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга чақирди.