Марказий Осиёда Толибон: "Террорчи"дан "савдо ҳамкори"га
Афғонистон билан ҳамкорлик қилишга интилаётган Марказий Осиё давлатлари сони ортиб бормоқда
2021 йил
август ойининг энг муҳим янгиликларидан бири – Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб
чиқиб кетилиши ва ҳукуматнинг Толибон қўлига ўтиши бўлди. Ўша вақтда мазкур ҳаракат
дунёнинг қарийб барча мамлакатларида террорчи сифатида тан олинган эди. Марказий
Осиё давлатлари хавфли вазиятга тушиб қолди. Буни 1996 йилда Толибон Кобулни
эгаллаб, Афғонистон Ислом Амирлигига асос солганида содир бўлган воқеа билан
солиштириш мумкин.
Орадан 3
йил ўтиб, икки давлат – Қозоғистон ва Қирғизистон ҳаракатни террорчи гуруҳлар
рўйхатидан чиқариб ташлади. Ўзбекистон Кобулга тез-тез делегациялар юбормоқда,
Туркманистон ҳам ҳамкорликни кучайтирмоқда. Толибон вакиллари ҳам минтақа
мамлакатларига бемалол ташриф буюрмоқда, Санкт-Петербургдаги Халқаро иқтисодий
форумда қатнашди, Россия раҳбари Владимир Путин эса уларни ҳатто терроризмга
қарши курашда "иттифоқчилар" деб атади.
Афғонистонда
ҳалигача инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар кўп. Мамлакатда оммавий қатл
қилиш амалиёти давом этмоқда, аёлларнинг жамоат жойларида гапиришлари тақиқланди.
Бироқ халқаро майдонда Толибон ўзини музокара олиб бориши мумкин бўлган
дипломатик ҳукумат сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
"Улар
ҳеч кимга ҳужум қилмоқчи эмасликларини эълон қилишди – бу жуда муҳим баёнот. Ҳатто
Америка расмийларининг Кобулдан олиб кетилган ҳарбий техникаларни Ўзбекистонга
топшириш қарорига жавобан, Толибон уни куч билан қайтариб олиш билан таҳдид
қилмади, фақат норозилик билдирди. Бу минтақа давлатлари учун ҳам тарангликни
бироз юмшатди”, - дейди Ой-Ордо Марказий иқтисодий тадқиқот институтининг
халқаро алоқалар бўйича эксперти Байқадам Курамаев TRT рус хизматига.
Марказий
Осиё давлатлари Афғонистонда юзага келган воқеликни кўрмоқда ва уларга
мослашишга тайёр, деб тушунтиради шарқшунос Андрей Онтиков. Қолаверса, ИШИДга
қарши уруш эълон қилган ва амалда курашаётган Толибон билан ҳамкорлик уларнинг
манфаатларига тўла мос келади.
“Минтақа
давлатлари ўз вақтида Сурия ва Ироқда кучайиб, катта ҳудудни назорат қилган
ИШИДга жангарилар етказиб берувчи асосий “экспортчилардан” бўлгани ҳеч кимга
сир эмас. Марказий Осиё давлатларининг бир қатор аҳолиси учун ИШИД
мафкурасининг жозибадорлигини ҳисобга олиб, ушбу давлатлар раҳбарияти мазкур
муаммони нафақат ўз ичида, балки ташқи чегараларда ҳам тўхтатишдан манфаатдор”,
— дея тушунтиради Онтиков.
Мутахассиснинг
фикрича, бу жангларда ашаддий террорчиларнинг ўз ватанларига қайтиш ва
кейинчалик вазиятни беқарорлаштириш эҳтимолини минималлаштиради.
Ўтган
йили Қозоғистон бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин Афғонистон мамлакат учун
устувор ун бозори бўлиб, маҳсулот экспорти умумий ҳажмининг 70 фоизини ташкил
этишини таъкидлади. Қолаверса, Марказий Осиёнинг барча давлатларидан
Кобул Остона билан энг кўп савдо қилади. Ўтган йили мамлакатлар ўртасидаги
ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етди.
Қирғизистон ҳукумати Қозоғистондан ўрнак олди. 7 сентябрь куни Бишкек Толибонни тақиқланган
гуруҳлар рўйхатидан олиб ташлагани маълум бўлди. Шу билан бирга, мамлакат ТИВ
“халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда ҳамда бутун минтақада барқарор ва тинч муҳитни таъминлашга
қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга” содиқлигини таъкидлади. Афғонистон
дипломатик департаменти ҳам қарор учун миннатдорчилик билдирди.
"Террорчи"дан "савдо ҳамкори"га
Қозоғистон ҳукумати биринчи бўлиб Толибонни террорчилар
рўйхатидан чиқаришга қарор қилди. Бу жорий йилнинг июнь ойида содир бўлди. Мамлакат
президенти Қосим-Жомарт Токаев буни савдо-иқтисодий ҳамкорликни ҳисобга олиш ва
“бу режим узоқ муддатли омил” деган тушунча билан изоҳлади.
Афғонистон ҳукуматининг энг катта ютуғи кўкнори етиштиришни
95 фоизга қисқартирганидир, дейди халқаро алоқалар бўйича эксперт Байқадам
Курамаев. "Ўнлаб, балки юзлаб миллионлаб одамлар бу ҳалокатли моддаларни олмайдиган бўлди.
Ва бунинг учун биз Толибон бошчилигидаги ҳукуматни ҳурмат қилишимиз керак”.
Иқтисодий имкониятларга келсак, экспертнинг фикрича, Бишкек
ва Кобул қишлоқ маҳсулотларини етказиб бериш бўйича юқори салоҳиятга эга:
“Шунингдек, CАСА-1000 лойиҳасини ҳам эслатиб ўтаман, бу лойиҳа доирасида
Қирғизистон ва Тожикистон гидроэнергетика
манбалари ҳисобланади. Минтақадаги ортиқча электр қувватини Афғонистон ва Покистонга етказиб бера
олади. Мамлакатдаги сиёсий барқарорлик бу лойиҳаларни қайта тиклаш ва
фаоллаштириш имконини беради”.
Лойиҳанинг пойдевори 2016 йил май ойида қўйилганди. Бироқ Толибон ҳокимиятга
келганидан кейин қурилиш музлатилган. Жорий йил баҳорида
лойиҳани қайта тиклашга қарор қилинди. Унинг қиймати 1,2 миллиард долларга баҳоланган.
Яна бир муҳим лойиҳа – Трансафғон темир
йўли қурилиши билан боғлиқ. Тахминларга кўра, йўналиш Ўзбекистоннинг Термиз,
Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Логар шаҳарлари орқали Покистоннинг Куррам
вилоятидаги Харлачи чегара пунктигача бўлади. Темир йўл юкларни етказиб бериш
муддатини 35 кундан 5 кунга қисқартиради, шунингдек, Марказий Осиё
мамлакатларига Ҳинд океанига чиқиш имконини беради. Россия учун коридор Эрон ва
Покистон портларига чиқиш имкониятига эга қўшимча йўлга айланади.
Икки
ёмонликдан
Толибон
Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йилда қўлга киритди. Афғонистон 40 миллион
аҳолига эга давлат. Ҳатто шимолий қўшниси Ўзбекистонда ҳам аҳоли сони 5
миллионга кам (маълумот эскирган,
2024 йил маълумотларига кўра, мос равишда 44,2 ва 37 млн – Azon Global). Кобул билан
муносабатларни ўрнатишда эса бу омилни ҳисобга олиш керак, дейди сиёсатшунос
Чингиз Лепсибаев.
“Бу катта давлат ва унинг аҳолиси озиқланиши керак. Агар бу эҳтиёж қондирилмаса, аҳоли
табиий равишда озиқ-овқат
қидиришни бошлайди. Ва бир нечта вариант бор: иттифоқчи Покистонга
боришингиз ёки Хитойга қараб ҳаракат қилишингиз мумкин, аммо у ерда тоғлар ва уруш учун
ёқимсиз жойлар бор ёки бу Тожикистон. Шунинг учун, масалан, Душанбе ҳар қандай
можародан қочиш учун табиийки, Толибон билан муроса қилишга интилади”, - дея қайд этади эксперт.
Бу минтақанинг бошқа мамлакатларига ҳам тегишли. Давлатлар
Кобул уларни душман сифатида кўрадиган вазиятдан қочишга ҳаракат қилмоқда,
чунки ўзаро ҳамкорлик қилишнинг фақат иккита варианти бор: ё улар билан савдо
қилишдан бош тортиш ва аҳолини очликдан ўлдириш ёки катта ресурсларни талаб
қиладиган уруш бошлаш. “Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари имкони борича Афғонистон билан
дўст бўлиб, у билан зиддиятга тушмасликка ҳаракат қилади. Бошқа томондан, улар
имкон қадар бу вазиятни ўз
манфаатларига хизмат қилдиришга интилади”.
Бироқ, экспертнинг фикрича, бу тинчлик ҳам беқарор бўлиб чиқиши
мумкин. Толибон Амударёдан сув оладиган Қуштепа каналини жадаллик билан қазишда давом этмоқда. Қуйи
оқимдаги Ўзбекистон ва Туркманистон чўлланиш хавфи остида. Марказий Осиёнинг
барча давлатлари Толибоннинг режаларидан чуқур хавотир билдирмоқда. Кобул билан
келишувга эришишга бўлган
уринишлари натижага олиб келаётганича
йўқ.
Толибоннинг
террорчи ташкилотлар
рўйхатидан ўчирилиши - фақат
сиёсий қарор. Давлат
жиноятчи деб ҳисобланадиган
одамлар билан савдо қилмаслиги
ҳақидаги парадокснинг олдини олиш учун. Мутахассисларнинг фикрича, яқин
келажакда минтақадаги бошқа давлатлар ҳам бу намунага амал қилиши мумкин. Бу
масала Россияда ҳам ўрганилмоқда.
Толибон бошчилигидаги Кобул дастлаб яккаланиб қолмаган,
дейди Онтиков: “Вазият бемаънидек туюлиши мумкин, аммо бу парадоксни тузатиш
учун қўшимча вақт керак бўлиши мумкин. Албатта, афғон расмийларининг ўзлари Афғонистондан
ташқарида ҳам, унинг ичида ҳам террорчилик усулларини ўз фаолиятидан истисно
қилган бўлсалар”.
Манба: TRT рус хизмати.