06.10.2025 15:16
19

Ўлим жазоси қайта тикланишини халқ ҳал қилади – Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўлим жазосини қайта тиклаш ташаббусига изоҳ берди. Сиёсатчи унинг тақдирини халқ ҳал қилишини маълум қилган. 

Муҳокамага сентябрь ойи охирида ўта шафқатсизлик билан ўлдирилган 17 ёшли Ойсулув Мукашеванинг фожиали ўлими сабаб бўлди. Жамият аёллар ва болаларга қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни талаб қилди. Президентнинг сўзларига кўра, у терговни шахсан ўз назоратига олган ва маъмуриятга жазони кучайтириш учун қонунларга ўзгартиришлар тайёрлашни топширган.

Садир Жапаров вояга етмаганлар ва аёлларни ўлдириш, зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бораётгани, “одатдаги” қамоқ муддатлари энди жиноятчиларни тўхтата олмаётганини таъкидлади. Шунингдек, у коррупцион жиноятлар ўлим жазосига тортилиши мумкин эмаслигини, гап фақат шафқатсиз қотиллик ва педофилия ҳақида кетаётганини айтиб ўтган.

Жапаров суд хатолари юз бериши эҳтимоли ҳақидаги хавотирларга ҳам жавоб берди. Унга кўра, XXI асрда тергов ва суд жараёнларини шаффоф ўтказиш учун техник имкониятлар — видеоёзув ва онлайн трансляциялар мавжуд.

“Биз бу масалани ёлғиз ҳал қилмаймиз. Халқ билан маслаҳатлашамиз. Масала умумхалқ референдумига қўйилиши мумкин. Агар кўпчилик қўллаб-қувватласа, у ҳолда Конституция ва қонунларга ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, халқаро мажбуриятларни қайта кўриб чиқиш лозим бўлади”, деган Жапаров.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.