Крокус Сити Холда 100 дан зиёд инсонни қутқарган Ислом Халиловга мукофот топширилди
Россия мусулмонлари диний етакчиси, муфтий шайх Равил Гайнутдин 22 март куни Крокус Сити Холл биносидан юздан ортиқ одамни олиб чиққан қирғизистонлик 15 ёшли Ислом Халиловга мусулмонларнинг олий мукофотини топширди. Бу ҳақда Россия Муфтийлар кенгаши сайтида хабар берилди.
Ислом Халилов 29 март куни Россия мусулмонларининг “Буюк
хизматлари учун” медали билан тақдирланади.
Шунингдек,
Москванинг “Спартак” футбол клуби ҳам теракт содир этилган бинода гардеробчи
бўлиб ишлайдиган Ислам Халилов билан учрашув ташкил этиб, болага фамилияси
ёзилган футболка ҳамда клубнинг барча уй учрашувлари учун абонимент тортиқ
қилди.
24.kg
сайтининг қайд этишича, Ислом ўқиш ва ишдан бўш вақтларида “Спартак” болалар
термасида ўйнайди.
Маълумот
учун, ўсмир Крокус Сити Холл концерт залининг гардеробида ярим кунлик ишда
ишлаб келган. Унинг сўзларига кўра, ишга қабул қилингандан сўнг барча
ходимларга фавқулодда вазиятларда кўрсатмалар берилган. Теракт пайтида у
кўрсатмаларга мувофиқ ҳаракат қилган, эвакуацияни ўз қўлига олган ва 100 дан зиёд кишини хизмат йўлаги орқали хавфсиз жойга олиб
чиққан.
Россия Тергов
қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин буйруғи билан Ислом Халилов идоравий
мукофот билан тақдирланиши маълум бўлди.
Боланинг
онаси Айперининг тан олишича, у ўғлининг тақдиридан қаттиқ хавотирга тушган ва
Интернетда нима бўлаётганини кўриб йиғлаган.
“Буларнинг
барчасини кўриб, жуда қўрқиб кетдим ва йиғладим. Ўғлимнинг шундай
аҳволда қолгани учун Худога шукр қиламан. У ҳам шокда эди. Биз ўғлимиз билан
фахрланамиз”, — деди Айпери.
Маълум
қилинишича, Исломнинг отаси Қирғизистоннинг Сузоқ, онаси эса Ўзган вилоятидан. Боланинг ўзи Россияда туғилган. У учта
фарзанднинг энг каттаси.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Москва яқинидаги Крокус Сити
Холл концерт зали биносида
теракт содир этилди. Дастлабки
маълумотларга кўра, бинога ниқобсиз, камуфляждаги тўрт нафар террорчи бостириб кириб, одамларни аниқ
масофадан ўққа тута бошлаган.
Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, 137 киши ҳалок бўлган.
Теракт оқибатида яраланганлар ва ҳалок бўлганларнинг умумий
сони 287 кишига етди.
Москва вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги теракт оқибатида уч
бола ҳалок бўлганини маълум қилди.
ФСБ Москва вилоятидаги Крокус Сити Холл биносига уюштирилган ҳужумда тўрт киши иштирок
этгани, улар Брянск вилоятида қўлга олиниб, Москвага олиб кетилгани ҳақида
хабар берди. Москванинг Басманний суди уларга нисбатан эҳтиёт чорасини танлади.