23.03.2024 11:42

Крокус Сити Холдаги теракт бўйича 11 гумондор қўлга олингани маълум қилинди

Россия ФСБ директори Александр Бортников президент Владимир Путинга Крокус Сити Холлдаги терактда иштирок этган 11 киши, жумладан, 4 нафар террорчи ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда 23 март, шанба куни Кремль матбуот хизмати маълум қилди.

"Бортников Путинга ФСБнинг Крокус Сити Холлдаги терактни содир этганларнинг шериклари базасини аниқлаш бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида маълум қилди", - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни кечқурун Москва яқинидаги Красногорскдаги Кросус Сити Хол концерт залига автоматлар билан қуролланган номаълум шахслар бостириб кириб, ўт очган. Бинода ёнғин бошланди. Оператив хизматлар бинода портлашлар содир бўлганини маълум қилди.

Россия Тергов қўмитасининг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 93 одам ҳалок бўлган. Жабрланганлар сони ортиши мумкин, дея огоҳлантирди қўмита. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси (террорчилик ҳаракати) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчиларнинг Тожикистон фуқаролари экани айтилмоқда

“База” Телеграм-каналининг хабар қилишича, гумонланувчилар ҳайдаб кетаётган “Рено” автомобили тунда Брянск вилояти Карачевский тумани Хатсун қишлоғи яқинида топилган.

Машина ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг талабига бўйсунмай, қочишга уринган. Таъқиб пайтида ўқ узилиб, машина ағдарилиб кетган.

Натижада бир нафар террорчи воқеа жойида қўлга олинган, қолганлари ўрмонга қочиб кетишган. Тез орада иккинчи гумондор топилиб, ҳибсга олинди. “Рено” автомобилидан ПМ тўппончаси, АКМ автомати учун ўқдон ва Тожикистон фуқароларининг паспортлари топилган.

Ўз навбатида, Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларининг Москва вилоятидаги терактга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни “фейк” деб атади.

Тожикистон ТИВ Россия расмийлари Крокус Сити Холдаги терактга республика фуқароларининг алоқадорлиги юзасидан Душанбега мурожаат қилмаганини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.