23.03.2024 07:28

Москвада теракт: асосий воқеалар (янгиланди)

22 март куни кечқурун Москвадаги «Крокус сити ҳолл» биносига концерт бошланишидан олдин қуролланган шахслар бостириб кириб, автоматларда ўт очди. Бир нечта портлашлар ва ёнғин содир бўлди. 82 киши ҳалок бўлди (қурбонлар сони ортиши мумкин), 140 дан зиёд киши жароҳатланди. Асосий воқеалар, муносабатлар.

Асосий воқеалар ва рақамлар

22 март куни кечқурун Россиянинг Москва шаҳри яқинидаги Красногорскда жойлашган «Крокус сити ҳолл» биносига концерт бошланишидан олдин ҳарбий кийимдаги уч нафар қуролланган шахс бостириб кириб, автоматларда ўт очди.

Босқинчилар бинога кирар-кирмас одамларга қарата тартибсиз ўқ узишни бошлаган. Шунингдек, бир неча бор қўл гратаси ёки бошқа портловчи воситалар ёрдамида портлаш содир этилган, ортидан бинода ёнғин бошланган. Ёнғин 13 минг кв м майдонни эгаллаб олган. Бино томи қулаган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, энг камида 82 киши ҳалок бўлди, 145 нафар фуқаро шифохонага ётқизилган.

Россия Тергов қўмитаси теракт моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Москва мэри Сергей Собянин Москвада ушбу дам олиш кунлари барча спорт, маданий ва бошқа оммавий тадбирлар бекор қилинганини билдирди.

Теракт ҳақида олдиндан огоҳлантирилган

7 март куни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси америкалик фуқароларни келгуси 48 соат ичида Европада, жумладан, Россияда ва, айниқса, Москвада режалаштирилаётган терактлар хавфи ҳақида огоҳлантириб, турли оммавий тадбирлар, жумладан концертларга боришдан қайтарган. Шунингдек, Британия элчихонаси ҳам фуқароларини Москвада йирик теракт содир этилишидан огоҳлантирган.

4 кун олдин Россия президенти Владимир Путин Ғарбда РФда терактлар содир этилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларни очиқдан-очиқ шантаж деб атаганди.

"Буларнинг барчаси очиқдан-очиқ шантаж ва жамиятимизни қўрқитиш ҳамда беқарорлаштириш ниятига ўхшайди", - деган Путин.

Киев терактда алоқадорлигини қатъий рад этди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, бошқа расмий шахлари Москва яқинидаги Красногорскдаги «Крокус» концерт залида содир этилган отишмада Украинанинг алоқадорлиги ҳақидаги россиялик амалдорлардан эшитила бошлаган айбловларни қатъиян рад этди.

Жумладан, Украина президенти Офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолняк жонли эфир вақтида Украинанинг ушбу ҳодисаларга мутлақо ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.

“Украина Россия мунтазам армияси ва Россия Федерацияси билан мамлакат сифатида кенг кўламли, тўлақонли, йирик, шиддатли уруш олиб бормоқда. Ва ҳаммаси жанг майдонида ҳал қилинади. Украина учун Россия мунтазам армиясини йўқ қилиш ва шу тариқа бу урушни тугатиш учун самарали ҳарбий амалиётлар, ҳужумкор ҳаракатларни амалга ошириш муҳим”, — деди Подоляк.

Ўзбекистоннинг муносабати ва баёнотлари

Ўзбекистон раҳбарияти ҳодиса содир бўлиши биланоқ теракт юзасидан ўз муносабати ва позициясини билдириб, ушбу воқеаларда ўз фуқароларининг жабрланмаганини маълум қилди.

Жумладан, Шавкат Мирзиёев Москва вилоятидаги «Крокус Сити Ҳолл» концерт залида содир бўлган теракт оқибатида ўнлаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Владимир Путинга таъзия йўллади.

Мактубда Ўзбекистон тинч аҳолига қарши қаратилган бу террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаши билдирилган.

Давлат раҳбари вафот этганларнинг яқинларига бардамлик, барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси эса Москва вилоятидаги «Крокус сити ҳолл» биносида рўй берган портлаш ва отишмада жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот келиб тушмаганини маълум қилди. Дипломатик миссия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқада эканини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва яқинидаги «Крокус сити ҳолл»да содир этилган терактни кескин қоралади.

«Терроризмни оқлаб бўлмайди, биз бегуноҳ фуқароларга нисбатан қилинган бундай зўравонликни бир овоздан рад этишга чақирамиз», — дейилади ТИВ хабарида.

ҲАМАС Москвадаги терактни қоралади

Фаластининг ҲАМАС ҳаракати “Крокис Сити Хол”даги терактни қоралаб, Россия халқига ҳамдардлик билдирди.

“Биз Исломий Қаршилик Ҳаракати сифатида Россия пойтахти Москвада тинч аҳолини нишонга олган, ўнлаб одамларнинг ҳалок бўлиши ва жароҳатланишига сабаб бўлган террор ҳужумини энг кескин тарзда қоралаймиз”, - дейилади баёнотда.

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари, халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ Москвадаги теракт бўйича ҳамдардлик билдириб, ушбу ҳаракатларни кескин қораламоқда.

Гумонланувчилар қўлга олинди

Брянск вилоятида “Крокус Сити Хол” биносига ҳужум қилишда гумон қилинган икки шахс қўлга олинди.

Жиноятчилар борлиги тахмин қилинаётган машина Беларусь ва Украина чегарасидан бир неча километр узоқликдаги Тепли қишлоғи яқинида тўхтатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, машинада олти киши бўлган: икки нафари қўлга олинган, яна тўрт нафари қочишга муваффақ бўлган.

Қўлга олинганлар Тожикистон фуқаролари бўлган. Ҳозир улар билан хавфсизлик хизмати ходимлари ишламоқда – улар терактга алоқадорлиги текширилмоқда, дейилади Baza Телеграм канали хабарида.

Ҳозирда яна тўрт нафар шахс қидирилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.