10.02.2024 16:10

Кағитханеда камида 10 марта масжидга борган болаларга велосипед совға қилинади

Туркиянинг Истанбул шаҳри Кағитхане туманида болаларни масжидга бориш ва намоз ўқишга одатлантириш мақсадида “Ёшлик уйғонмоқда, оила намозда бирлашади” лойиҳаси бошланди, дея хабар бермоқда DHA.

Лойиҳада тумандаги турли масжидларда ҳар якшанба кунлари камида 10 марта ўтказиладиган учрашув дастурига ташриф буюрган болаларга велосипед совға сифатида тақдим этилади.

Ушбу лойиҳа Кағитхане ҳокимлиги ва Миллий таълим мудирлиги, Таълимни қўллаб-қувватлаш платформаси, “Жиҳаннума”, Эитим-Бир-Сен, “Ансор” вақфи, туман муфтийлиги, Анадолу ёшллик дарнаги” (нодавлат нотижорат ташкилоти – таҳр.), Ҳайрат” вақфи, Имом‑хатиб битирувчилари дарнаги, Туркия ёшлик вақфи, Инсон ва маданият ҳаракати ҳамда Инсоний ёрдам вақфи (İHH) томонидан амалга оширилиши маълум қилинди.

“Ёшлик уйғонмоқда, оила намозда учрашади” лойиҳаси доирасида ҳар якшанба куни тумандаги турли масжидларда ўтказиладиган учрашув дастури болалар ва ёшларни масжидга боришга, диний амалларни адо этиб, билим олишга даъват этишдан иборат. Лойиҳа якунида масжидга камида 10 марта келган болалар ва ёшлар велосипед билан тақдирланади.

Кағитхане ҳокими Мевлут Ўзтекин ҳар якшанба куни бомдод намозига қатнашган болалар ва ёшлар ушбу лойиҳага катта қизиқиш билдирганини таъкидлади. “Болалар ва ёшларимиз лойиҳага катта қизиқиш билдирди. Уларнинг кўпчилиги намозга оила аъзолари билан биргаликда келмоқда. Ҳар якшанба кунлари 2 минг кишигача бўлган жамоатни ҳосил қиляпмиз. Ҳам маънавиятларини юксалтиришлари, ҳам мана шундай ҳузурли бир муҳит гўзаллигидан оила бўлиб баҳраманд бўлишларини истаймиз. Тарғиб қилиш мақсадида уларни мукофотлаймиз ҳам. Қатнашчиларга алоҳида‑алоҳида миннатдорчилик билдираман”, ‑ деди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбулнинг Аташеҳир тумани Миллий таълим мудирлиги мактабларга дарс соатларини жума намозига кўра ташкил этиш, шунингдек, мактабларда жума намозини ўқиш учун шароит яратиш бўйича топшириқ бергани ҳақида хабар қилган эдик.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.