25.07.2024 18:00
Ҳижоб кийган «эркак» сабаб ҳижоб таъқиқланадими? (видео)
Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида зийрак ППХ ходимлари томонидан аёл кишининг кийимини кийиб олган эркак киши ушланди.
Дунёвий қонунчилигимизга кўра аёлларнинг эркаклар кийимини кийиши ва эркакларнинг аёлларнинг кийимини кийиши тақиқланмагани маълум. Аксинча, театр ва кинолар эркакларнинг аёллар кийимини кийиши, кўчада эса аёлларнинг эркак кийимини кийиб, ёки деярли кийим киймай юриши бугун табиий ҳолга айланган.
Бироқ, қўштирноқ ичидаги айбдорнинг қайси айби зийрак ходимларнинг эътиборини тортгани ҳозирча бизга қоронғу. Умуман олганда, бугунги кунда жамоат жойларида юзни танимайдиган даражада тўсиб юриш қоидабузарлик деб ҳисобланса, аслида аёлларнинг деярли аксари, таниб бўлмайдиган даражадаги макияж учун, қоидабузар деб топилган бўлиши керак эди. Лекин, зийрак ходимларимиз бу қадар зийрак эмас ёхуд муаммо юзнинг танилишида ҳам эмас.
Бугун жамиятдаги исломофоблар томонидан ҳижобга қарши ҳаракатлар бошланган даврда, маъсума ўзбек қизларининг либосига беркинган эркак кишининг «топилиши» алоҳида аҳамиятга оид кейс ҳисобланади. Воқеалар ривожи худди ҳужранинг совуқлиги учун Қуръони каримни ўргатишни буткул тақиқлаш йўлидан кетиб, битта лаънати* эркак кишининг ҳижоблангани учун ҳижобни тақиқлаш сценарийси ўйналадими ёки эркакни бу лаънати ишдан қайтариб, аёлларнинг аёллар либосини кийиб юришига қўйиб бериладими, ҳозирча номаълум.
Зийрак ППХ ходимлари, гарчи дунёвий қонунчиликда бирор нарса дейилмаган бўлсада, ушбу ишлари билан охират ўлчовида савоб олганини умид қилишимиз мумкин. Зеро, аёл кишининг либосини кийгани инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан лаънати инсон ҳисобланади. Ҳозироқ бу ишни тарк қилмаса охирати ўта аянчли бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ўхшаб либос кийган эркакни ва эркакларга ўхшаб либос кийган аёлни лаънатладилар».
Бизни яратган, Улуғ ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ таоло либос ҳақида: «Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир», деган (Аҳзоб, 59).
Маълумки, соғлом эътиқод ва соғлом ақл Аллоҳ таолонинг илми, оқибатни кўра билиши, яхши ва ёмоннинг ажратиши бутун оламдаги олиму, фузалолари, замонавий экспертларининг барчасининг фикрларидан ўлчаб бўлмас даражада устун ва тўғри ҳисобланади.
Юқоридаги оятдан, исломда одат бўлган либослар аёлларнинг озорга учрамаслиги учун хизмат қилади. Яъни, ҳақиқий аёллар либосигина аёлларимизга тўлақонли эмин-эркинликнинг, зулмга учрамасликнинг кафолатини беради.
Умид қиламизки, мутасаддилар “ҳижоб кийиб олган эркак” воқеасидан аёлларимизнинг эмин-эркинлигига қарши сиёсатга, яъни хотин кийимини кийган эркакни топиш учун хотинларни ечинтириш ҳаракатига ўтиб кетмайди. Зеро, зукко ва зийрак посбонларимиз Пайғамбар алайҳиссалом лаънатлаган эркакларни топишнинг эркакча усулини билади ва ана шуни қилади.