Истанбулдаги собиқ Отатурк аэропорти ўрнида дунёдаги энг катта технопарк очилади
Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган собиқ Отатурк аэропорти терминали ҳудудида дунёдаги энг катта технопарк очилиши кутилмоқда. 138,6 минг кв м майдонда жойлашган технология парки 25 минг кишини иш билан таъминлаб, 2000 технология тадбиркорларига хизмат кўрсатади.
Шу билан бирга, Истанбулнинг 39 туманида яратиладиган янги
умумий офислар инкубация марказларига айланади. “Терминал Истанбул” эса
уларнинг асосий бошқарув марказига айланади. Бу ерда ИТ-саноат офиси ҳам
жойлашади.
Технопаркда инновацион лойиҳаларни тезкорлик билан амалга
оширишга ёрдам берадиган замонавий офис хоналари, инкубация марказлари,
акселерация дастурлари, коворкинг майдонлари ва тадқиқот лабораториялари
бўлади.
Бу ерда технология устахоналари, тадқиқот марказлари,
дастурий таъминот мактаблари ва болалар университети ҳам очилади. Жумладан, ўта иқтидорли ўрта ва юқори синф ўқувчилари
2700 кв м майдондаги Deneyap технологик устахонада сабоқ олишади.
3200 кв м майдонни
эгаллаган дастурий таъминот мактабларида эса 18 ёшдан ошган ёшлар янги авлод дастурий таъминоти билан
ишлаш бўйича бепул ўқитилади.
Болалар университети учун 2700 кв м майдон ажратилган бўлиб, унда махсус таълим муҳити яратилади ва 10-13 ёшли минг
нафар бола фан ва техника соҳасида амалий назарий билим олиши мумкин бўлади.
Технопарк Истанбулнинг янги диққатга сазовор жойларидан бирига, ижтимоий
интеграция ва IT-саноат
зонасига айланади.
Шунингдек, технопаркнинг билим ва фикр алмашиш учун муҳим майдон бўлиши
кутилмоқда. Унда олимлар, муҳандислар, тадбиркорлар ва талабалар ўртасидаги
ҳамкорликни ривожлантириш, инновациялар учун қулай муҳит яратилади.
Инновацион
лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун сунъий
интеллект, маълумотлар марказлари ва булутли технологиялар каби илғор
технологиялардан фаол фойдаланилади.