21.06.2024 10:30

Япония Ўзбекистондаги компанияга санкция қўллади

20 июнь куни Япония Россияга қарши жазо чоралари доирасида Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон ва БАА компанияларини қора рўйхатга киритди. Қарор расман Япония Вазирлар Маҳкамаси томонидан эълон қилинган. 
Унга кўра, Россиянинг урушини қўллашда ёки билвосита таъминлашда айбланган Россиядаги 11 нафар жисмоний шахс ва 42 та компанияга нисбатан чекловлар киритилган.
Санкциялар рўйхатининг дастлабки ўринларидан Россия Марказий сайлов комиссияси котиби Наталя Бударина ва комиссиянинг яна беш аъзоси, шунингдек, “Тактик ракеталар” корпорацияси раҳбари Борис Обносов, “Уралвагонзавод” бош директори Александр Потапов ва “Союз” самолёт двигателлари илмий-техника мажмуаси бош конструктори Мкртич Окроянлар жой эгаллаган.
Қора рўйхатга киритилган компаниялар орасида россиялик олмос қазиб олувчи “Alrosa” бирлашмаси, шунингдек, “Туполев” ва “Илюшин” самолёт ишлаб чиқарувчилари ҳам бор.
Япония ҳукумати ўз навбатида, Россия Федерал ядро маркази, Челябинск трактор заводи, Дегтярёв заводи, Ижевск-Купол электромеханика заводи, Перм порох заводи каби бир қанча машинасозлик ва мудофаа соҳаси компаниялари ҳамда Нижний Новгороддаги “Ғалабанинг 70 йиллиги”, Arzamas заводи, Алмаз Антей концернининг шимолий-ғарбий минтақавий маркази Обуховский ҳарбий заводларига ҳам чеклов киритган. Ушбу бирлашмаларнинг активлари Японияда аниқланадиган бўлса, блокланиши маълум қилинган.
Санкциялар рўйхатига бир қатор тадқиқот муассасалари ҳам киритилган. Хусусан, “Алабуга” махсус иқтисодий зонаси, “Вега” радиотехника корпорацияси, “Вниир-Прогресс” илмий-тадқиқот институти, "Геомир" муҳандислик маркази ва бошқаларга экспорт чекловлари жорий этилган.
Япония санкциялари Россияга алоқадор хорижий компаниялар – Хитой, БАА, Ҳиндистон, Қозоғистон компаниялари, шу билан бирга Ўзбекистоннинг Mvizion МЧЖ компанияси ҳам бор.
Маълумот ўрнида, Mvizion МЧЖ компанияси электрон ва телекоммуникацион ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи бирлашма ҳисобланади. Ушбу компания давлат ва хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирмаган тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. Ташкилот 2022 йилнинг 14 июнида Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.