27.03.2024 11:49

Январь-февраль ойларида 163 нафар Ўзбекистон фуқароси Туркияга киритилмаган – Бош консулхона

Бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлари органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси.

Хабарда айтилишича, ушбу амалиёт доирасида Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилганлиги кузатилмоқда.

Ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар “Туркияга кириши исталмаган йўловчи” сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилмокда.

Жумладан, жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 та нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб киришига тақиқ қўйилганларни ташкил этган.

Шу билан бирга, айрим ватандошларимиздан Истанбул аэропортида полиция ходимларининг қўпол муомаласи ҳақида шикоятлар келиб тушган. Бу борада фуқароларимизнинг барча шикоят ва эътирозлари дипломатик каналлар орқали турк томонига етказилди ва хозирги кунда мутасадди ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда”, - дейилади хабарда.

Бош консулхона фуқаролардан маҳаллий қонунларни ҳурмат қилиб, уларга тўлиқ риоя этишларини сўради. Шунингдек, олдин қонунбузарлик содир этиб депорт қилинган фуқароларга Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Туркия дипломатик ваколатхоналаридан ўрганган ҳолда келишлари тавсия қилинди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.