18.06.2024 08:20

Германия афғонларни Ўзбекистон орқали депорт қилмоқчи

Германия афғон қочқинларини Ўзбекистонга депорт қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда "Spiegel" журнали ўз манбаларига таяниб, хабар берди. 

Нашрнинг ёзишича, афғонлар Тошкентдан Kam Air хусусий авиакомпанияси орқали Кобулга етказилиши мумкин.

Май ойининг охирида Германия ИИВ раҳбари Ненси Фезер буйруғи билан Германия делегацияси Тошкентга келиб, Ўзбекистон ҳукумати билан тегишли режа юзасидан музокаралар ўтказган. Шундан сўнг, немислар музокаралар самарали ўтганини ва Ўзбекистон ҳукумати ёрдам беришга ваъда берганини маълум қилган.

Бу эса Германия ҳукумати қочқин мақомини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган афғонларни Толибон билан тўғридан тўғри келишувларсиз ортга қайтаришни истаётганидан дарак беради, дейилади  хабарда.

 Ўзбекистон томони ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумот бермаган.

Маълумот учун, Германияда бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларни чиқариб юбориш зарурати афғон фуқароси май ойининг охирида Мангеймда Исломни танқид қилувчи ташкилот митингига ҳужум қилганидан кейин яна кун тартибига қайтган эди.

Ҳозирда Германияда яшовчи 13 мингга яқин афғон ватанига қайтишга мажбур бўлиши мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.