17.05.2024 09:25

Франциянинг махсус субъекти - Янги Каледония шиддатли тартибсизликлар саҳнасига айланди

Аввалроқ Янги Каледонияда мустақиллик тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида давом этаётган тўқнашувлар фонида комендантлик соати жорий қилинган ва Франция ҳукумати оролдаги вазият яқин соатларда назоратга олинишини айтган эди.
 Француз ОАВлари Янги Каледонияда тартибсизликлар уч кундан бери давом этаётганини, бироқ кеча тунда нисбатан тинч ўтганини ёзмоқда.
 Ноумеадаги тартибсизликларда 4 мингга яқин, шаҳар ташқарисида эса 5 мингга яқин мустақиллик тарафдорлари иштирок этмоқда.
 16 май, пайшанба куни Тинч океани жанубидаги ўнлаб оролларда жойлашган Франциянинг хориждаги ҳудудидаги тартибсизликлар чоғида жандармерия зобити ҳалок бўлди. Тартибсизликлар қурбонлари сони беш кишига етди. Бундан ташқари, комендантлик соати 17 майгача узайтирилди.
 Франция Ички ишлар вазири Гералд Дарманин оролга 2700 га яқин полициячи ва жандарм юборилишини айтиб, яқин соатларда вазият назоратга олинишига ишонтирди.
Дарманин, шунингдек, бир киши икки маҳаллий аҳолини ўлдиришда гумонланиб, қўлга олингани ҳақида хабар берди.
France-2 телеканалида вазир Озарбайжонни Янги Каледонияда тартибсизликлар уюштирганликда айблади.
Ички ишлар вазири, шунингдек, мустақиллик тарафдорларининг айримлари гўёки Озарбайжон билан қандайдир “шартнома” тузганини айтди. "Бу фантастика эмас, бу ҳақиқат", деди бўлим бошлиғи.
 - Янги Каледонияда комендантлик соатидан олдин нима бўлган
Янги Каледонияда мустақиллик тарафдорлари Франция ҳукуматининг конституциявий ислоҳот ташаббусига қарши чиқмоқда, чунки бу уларнинг сайловдаги таъсирини камайтиради.
Оролда икки кун давом этган тартибсизликлар давомида 200 га яқин офис ва 50 дан ортиқ автомобил ёқиб юборилган.
Хавфсизлик кучлари 130 кишини ҳибсга олди, 60 дан ортиқ хавфсизлик кучлари яраланди. Янги Каледонияда зўравонликлар кучайиб бораётгани сабабли комендантлик соати жорий этилди.
Пойтахти Ноумеа шаҳрида бўлган Янги Каледония Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмида, майдони 19 минг квадрат километрга яқин бўлган ороллар гуруҳидир.
Янги Каледония хром, кобалт, молибден, мис, олтин ва никел каби муҳим минералларни ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, никел рудасини экспорт қилиш ороллар учун асосий даромад манбаларидан бирига айланди. Янги Каледонияда ушбу металнинг дунёдаги заҳираларининг тахминан 10 фоизи мавжуд - бу ерда иккинчи ўринда туради.
Минтақа ўз ички ишларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига эга, аммо минтақанинг ташқи сиёсати Франция Конституциясига мувофиқ белгиланади. Янги Каледония аҳолиси тахминан 300 минг кишини ташкил этади, асосан маҳаллий халқ вакиллари - канаклар.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.