Франция Озарбайжондаги элчисини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди
Франция Озарбайжондаги элчиси Анн Буайонни маслаҳатлашувлар учун чақириб олди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қарорни “Озарбайжоннинг бир томонлама ҳаракатлари икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказиши” билан изоҳлади.
Хабар қилинишича, Франция президенти Эммануэл Макрон
дипломатик миссия раҳбари билан мавзуни муҳокама қилган.
Давлат раҳбари “Озарбайжоннинг хатти-ҳаракатларидан
афсусдалигини билдирган”
ва “Бокудан ўз ниятларига ойдинлик киритиши кутилаётганини” таъкидлаган.
Макрон Париж Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги
муносабатларни нормаллаштириш жараёнини қўллаб-қувватлашини айтди, дея қўшимча
қилди ТИВ.
Икки давлат ўртасидаги кескинлик
2023 йил охиридан бери Франция ва Озарбайжон муносабатларида
кескинлик кузатилмоқда.
Озарбайжон Франция ҳукуматини Арманистонга ҳарбий юклар етказиб бериш ҳажмини
оширгани учун танқид қилди.
Чунки 2023 йил декабрида Франция Арманистонга 50 та зирҳли техника
жўнатиши маълум бўлди.
Февраль ойида Франция мудофаа вазири Себастьен Лекорню Арманистонга расмий ташрифи
чоғида Парижнинг Ереванни қисқа, ўрта ва узоқ масофага мўлжалланган ҳаво
ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга тайёрлигини маълум қилди.
Ўтган йил
охирида Озарбайжон Франциянинг Бокудаги элчихонасининг икки ходимини персона
нон грата деб эълон қилган, январь ойида эса Франция фуқароси мамлакатда
жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.
Шунингдек,
январда Франция Сенати Озарбайжонга қарши санкциялар жорий этилишини назарда
тутувчи қарорни қабул қилди.
Ҳужжатда
Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз боради ва
Озарбайжон қўшинларини Қорабоғдан олиб чиқиб кетиш талаб этилади. Бундан
ташқари, “Тоғли Қорабоғ сиёсий етакчиларининг ҳибсга олинишини” қораланиб,
уларни зудлик билан озод қилишни талаб қилинган. Шунингдек, арман аҳолисининг
Тоғли Қорабоғга қайтиш ҳуқуқи кафолатлари талаб қилинган.
Франция
Сенати резолюциясида Бокуга нисбатан энг қатъий чоралар кўриш, жумладан,
Озарбайжон расмийларининг мол-мулкини мусодара қилиш ҳамда Озарбайжондан газ ва
нефть импортига эмбарго жорий этиш зарурлиги қайд этилган.
Бунга
жавобан, Озарбайжон Миллий Мажлисининг (парламент) Халқаро муносабатлар ва
парламентлараро алоқалар қўмитаси баёнот
берди.
Қўмита
Озарбайжон ҳукуматига Францияга қарши санкциялар қўллашни, француз
расмийларининг Озарбайжондаги барча активларини музлатиб қўйишни, Франция билан
барча иқтисодий алоқаларни тўхтатишни, барча француз компанияларини
Озарбайжондан, шу жумладан Total компаниясини олиб чиқишни ва француз
компанияларининг Озарбайжон томонидан топширилган ҳар қандай лойиҳаларда
иштирок этишига йўл қўймасликни тавсия қилди.
Шунингдек,
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига Франциянинг мустақиллигини даъво қилувчи
Канаки (Янги Каледония, Тинч океани ҳудудидаги Франция мустамлакаси), Маохи Нуи
(Maohinui, Таити) ва Корсика ҳудудлари суверенитетини тан олиш чораларини кўриш
топширилди.