25.06.2025 16:51
259

Энди болаларга ноқонуний равишда Исломни ўргатганлар тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Ўзбекистонда вояга етмаганларга ноқонуний равишда диний таълим берганларни тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортиш режалаштирилмоқда. Тегишли ўзгаришлар кўзда тутилган қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
    
Гап шундаки, бугун, 25 июнь куни Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида болаларга ноқонуний равишда диний таълим берганлик учун жазо белгилашни назарда тутувчи қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан Жиноят кодексининг 229−2-моддасига қўшимча банд киритилмоқда.

Унга кўра, махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз вояга етмаган шахсга диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек вояга етмаган шахсга хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.

Маълумот учун, амалдаги Жиноят кодексининг 229−2-моддасига кўра, махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса жиноий жавобгарликка тортилиши қайд этилган.

Янги киритилаётган банд диспозициясида эса "маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса" жумласи йўқ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам вояга етмаганларга ноқонуний равишда диний таълим берганлик учун жазо кўзда тутилмаган. Бундан келиб чиқадики, вояга етмаганларга ноқонуний равишда диний таълим берганлар тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.