Диний қўмита “Умрачи”лар учун талаблар кучайтирилганига изоҳ берди
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев 15 октябрь куни Тошкентда халқаро конференция доирасида Умра лицензияси бўйича талаблар кучайтирилгани юзасидан Kun.uz нашрига интервью берди.
1
миллион доллар реквизитга қўйиш шарти ҳақида
«Бу катта
миқдор эмас. Хабарингиз бўлса керак, бунга қадар 100 минг доллар қўйиш
[мажбурияти] бор эди. Ўшанда 15 мингга яқин фуқароларимиз Саудия Арабистонида
қолиб кетди, уларнинг ҳаммаси ҳукумат томонидан олиб келинди. Бу ҳақда бирор
марта ёритмадингиз… Демоқчиманки, агар 1 миллион доллар реквизитга қўйиладиган
бўлса, ҳаво йўлларини 600 доллардан ҳисоблайдиган бўлсак, у ердаги
меҳмонхоналар ва бошқа хизматларнинг ҳисобини олсак бу ҳам [1 миллион доллар]
минг кишига етяпти. Ўша 15 минг киши билан муаммо бўлганида, қўйилган 100 минг
долларга 100 кишини ҳам қайтариб олиб келишга имкониятимиз йўқ эди», — деди
Тошбоев.
Унинг
таъкидлашича, бу шарт ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилиняпти.
«Биз
монополия қилаётганимиз йўқ, бу ерда [шартларни бажаришга] салоҳияти бор 10 та
бўладими ёки 15 тами, турфирмаларнинг ҳаммаси ўтади. Бу дегани битта
Мусулмонлар идораси ёки 4−5 та фирма қолади дегани эмас. Бугун танловни эълон
қиляпмиз, 15 кун ичида турфирмаларни ажратиб оламиз. Балки 15 та бўлар, балки
20 та кимнинг имконияти бўлса, ўшаларни қўямиз. Қимматлашиш бўлмайди, сифатли
хизмат кўрсатиш бўлади», — деди қўмита раиси.
«Фақат
молия билан боғлиқ нарса эмас»
«Олдинги
сафар 77 фирмага лицензия берган бўлсак, яна қанчаси ноқонуний фаолият юритган.
На лицензияси бўлган, фақат турфирма очиб қўйган. Уёққа олиб борганда
шароитларни ўзингиз кўряпсиз. Мақсадимиз монополия қилиш ёки бошқа эмас. Раҳмат
дейишимиз керак, олдинлари фақат бир йилда 2 марта фуқароларимиз Умра қилолган.
Ҳозирги кунда 560 мингга яқин фуқароларимиз Умрага бориб келди. Борсин, ҳамма
борсин, лекин у ерда сифатли хизмат кўрсатишимиз керак. Тиббиёти бўлсин,
элликбошиси ҳам», — деди Содиқжон Тошбоев.
«У ерга
борган фуқароларимизни кимга топширяпмиз? Ўзимиз элликбоши бераётган эдик.
Кейинги вақтда, мана, ижтимоий тармоқларда кўряпмиз, у ерга борганларнинг
ғоявий «ишлови» қанақа бўлади? Бизнинг «умрачи»ларимизга ким хизмат кўрсатяпти?
Агар уларга ўқиган, диний соҳа ходимлари [ҳамроҳлик қилиб] борадиган бўлса…
қайтиб келганидан кейин ғоявий жиҳатидан ҳам тўғрилашнинг имкони қийин бўлиб
боряпти. Фақат молия билан боғлиқ нарса эмас-да бу», — деди у.
Умра
зиёратига мустақил бориш ҳақида
«Бу
бемалол, ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Nusuk деган Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра
вазирлигининг дастури бор, [ёки онлайн туристик виза] уйдан ўтириб, олиб
бораверсин, хоҳласа. Хоҳласа, Дубай ёки Туркия орқали, хоҳласа тўғридан-тўғри
рейсда борсин. Бунга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Уйингиздан ўтириб бемалол олаверасиз,
Саудия Арабистони ҳам буни бемалол очиб қўйган. Фақат фуқароларимизда тушунча
нотўғри бўляпти», — деди раис.
Эслатиб ўтамиз, Умра зиёратини ташкил этиб берувчи турфирмалар учун 5 октябрьдан қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилмоқда:
зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
штатида
диний таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом
академиясининг битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;
вояга
етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
1 млн
доллар миқдордаги маблағни «Зиёрат» жамғармасига захира қилиб қўйиш;
ўз
фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
зиёратчилар
учун Саудия Арабистонининг фақат Умра визасини расмийлаштириш (қолган визалар
билан фуқароларни олиб бориш ноқонуний фаолият ҳисобланади);
зиёратчиларни
тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;
Умра
хизматини учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслик;
Умра
хизматини лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойда жойлашган ваколатхона ва
филиал орқали амалга оширмаслик.
Бундан
ташқари, Умра хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот ўртасида
имзоланадиган шартномага мувофиқ ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар
учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш керак.