Ўзбекистонда Умра зиёратини ташкил қилиш учун алоҳида лицензия жорий этилади
Қонунчилик палатаси депутатлари 26 март куни бўлиб ўтган мажлисда Умра зиёратини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқиб, қабул қилди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz. Қонун лойиҳаси Умра зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолият учун лицензия турини жорий этишни назарда тутади.
Лицензияловчи орган сифатида Дин ишлари бўйича қўмитани
белгилаш режалаштирилган. Қонунчилик палатаси мажлисида қонун лойиҳаси билан
фуқароларнинг «Умра» зиёратини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ва
зиёратчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсад қилингани таъкидланди.
Ҳужжат билан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш
тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга Умра тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид
хизматларни кўрсатиш бўйича қўшимча нормалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти Умра тадбирларини
ташкил этиш ва амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмагани
зиёратчилар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш имконини бермаётгани билан изоҳланди.
Эслатиб ўтамиз, 1 мартгача Умра зиёрати ташкил этиш фаолияти
туристик лицензия орқали амалга ошириларди. Президентнинг 9 январдаги фармони
билан 2024 йил 1 мартдан бошлаб Туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия
(турагентлик фаолияти) хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилганди. Лекин
фармонда Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти бундан мустасно
экани қайд этилганди.
2023 йил 8 август куни Вазирлар Маҳкамасининг Умра
тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали
ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Қарор билан Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид
хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолият фақат маҳаллий туроператор
томонидан амалга оширилиши белгиланганди. Шунингдек, Умра хизматларини кўрсатиш
фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий
этилганди:
- 100 минг доллардан кам бўлмаган маблағларни Туризм
қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;
- Умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний
билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;
- Умра хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний
(исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон
халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд
магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг
бўлиши;
- Умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;
- Умра хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот
ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.
Шунингдек, Умра хизматларини кўрсатувчи туроператор
мурожаати асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассисини зиёратчиларга
гуруҳ раҳбари (элликбоши) сифатида жалб этиш бўйича қуйидаги тартиб жорий
этилганди:
- мутахассиснинг зиёратчилар гуруҳларига раҳбарлик қилиши
билан боғлиқ хизмати беғараз амалга оширилади, унинг сафар харажатлари
(транспорт, меҳмонхона, озиқ-овқат, суғурта, виза тўловлари ва бошқалар) Умра
хизматларини кўрсатувчи туроператор томонидан қопланади;
- мутахассис туроператорнинг сўровига кўра Ўзбекистон
мусулмонлари идораси томонидан 3 иш кунида ажратилади;
- 1 нафар гуруҳ раҳбарига 50 нафардан ошмаган зиёратчилар
гуруҳи бириктирилади.
Қарорда белгиланган қўшимча лицензия талаб ва шартлари 2023
йил 1 ноябрдан қўллана бошлаган ҳамда улардан лицензияни қайта расмийлаштиришда
аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим ва лицензия учун давлат божи
ундирилмаслиги белгиланган.