Ўзбекистон ҳукумати 12 октябрь куни 668-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу қарордан кўзланган мақсад “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун лицензия олиш талабларини белгилаш, зиёратчиларга амалларни муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, сифатли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлашдан иборат.

Ҳужжат билан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия якка тартибдаги лицензия тури ҳисобланиши ҳамда лицензияларни бериш танлов асосида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2024 йил октябр ойидан амалга оширилиши белгиланди.

Қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилмоқда:

зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;

штатида диний таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;

вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;

1 млн АҚШ доллари миқдордаги маблағни “Зиёрат” жамғармасига захира қилиб қўйиш;

ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;

зиёратчилар учун Саудия Арабистони Подшоҳлигининг фақат “Умра” визасини расмийлаштириш. Бунда, "Умра" визасидан ташқари виза билан фуқароларни олиб бориш ноқонуний фаолият ҳисобланади;

“Умра” хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;

зиёратчиларга “Умра” амалларини бажаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва сифатли “Умра” хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш;

халқаро йўналишларда йўловчи ва юк ташиш бўйича 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга ҳамда ушбу давр мобайнида йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпаниялар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш-келиш авиачипталарини харид қилиш;

зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;

“Умра” хизматини учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслик;

“Умра” хизматини лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойда жойлашган ваколатхона ва филиал орқали амалга оширмаслик;

Шунингдек, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият учун лицензия олиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) этиб белгиланган.

Диний қўмита “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларини лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқланганидан огоҳлантирди.

Шунингдек, фуқароларга Дин ишлари бўйича қўмита зиёратчиларимизни "Умра" амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун огоҳ бўлишлари ва кейинчалик турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмасликлари мақсадида ишончли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишларини тавсия этилди.

Мавзуга алоқадор