Бир Қозонда саммит, бир Қозонда теракт
Куни кеча иккита Қозонда Туркия ҳаёти учун муҳим бўлган икки ҳодиса содир бўлди. Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида БРИКС саммити бўлиб ўтди. Унда Европа Иттифоқига аъзоликдан умиди сўнган Туркия ҳам иштирок этди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон БРИКС майдончаларида коллектив Ғарбга қарши куч сифатида ташкил этилган БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди. Жумладан, РФ президенти Владимир Путин билан музокаралар бўлиб ўтди.
Қозон
шаҳрида БРИКС саммити давом этар экан, Туркиянинг Анқара вилояти Қаҳрамонқозон туманида
жойлашган Туркия авиация ва космик саноати (ТUSАŞ) объектларида қўпорувчилик
ҳаракати содир этилди. Курдистон ишчи партияси (PKK) аъзолари тахмин
қилинаётган уч қўпорувчи – бир аёл ва икки эркак завод кириш қисмида аввал
портлаш содир этди, сўнгра отишма уюштириб, завод ишчиларини асирга олди.
Ўтказилган
махсус амалиёт натижасида уч террорчи йўқ қилинди, бироқ беш киши – бир қўриқчи,
уч нафар мутахассис ва ишчи ҳамда бир нафар такси ҳайдовчиси ҳалок бўлди, 22
киши, жумладан, 7 нафар ИИВ махсус кучлари ходими жароҳатланди.
Ҳодисадан
кўп ўтмай Туркия Қуролли кучлари Ироқ ва Сурия шимолидаги PKK объектларига
зарбалар беришни бошлади. Миллий мудофаа вазирлиги бир оқшомда 32 та PKK
объектига зарбалар берилганини маълум қилди.
Анқарадаги
қўпорувчилик ҳаракати ортидан бутун дунёдан етакчилар, жумладан Ғарб
мамлакатлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамдардлик билдиришни бошлади. Бу
баёнотларда қўпорувчилик ҳаракати қаттиқ қораланиб, Туркия давлати ва халқи
ёнида туришлари тилга олинди.
Шу билан
бирга, айрим мутахассислар Туркиянинг БРИКСга аъзо бўлиш истаги Ғарбни
ғазаблантиргани ҳамда айнан саммит ўтказилаётган шаҳарга номдош ҳудудда қўпорувчилик
ҳаракати содир этилгани бежиз эмаслигини таъкидламоқда. Биринчилардан бўлиб бу
ўхшашликка профессор Ҳусейин Шайҳанлиоғлу эътибор қаратди:
“У [қўпорувчилик
ҳаракати] ниҳоятда аниқликда тайёрланган. Бугун президентимиз Татаристоннинг
Қозон шаҳрида. Бу жойнинг номи ҳам Қозон. Бундай ўхшашликни кўриб чиқиш
даҳшатли нарса”, - деб ёзди у.
ТUSАŞ заводидаги портлаш ва отишманинг тасодиф эмаслиги ва Ғарбнинг огоҳлантириши эканига Ғарб матбуоти ҳам ишора қилишни бошлади. Жумладан, Германиянинг Bild нашри НАТО аъзоси бўлган Туркия Россия ва Хитой бошчилигидаги ташкилотга қўшилиш истаги билан Ғарбни «ғазаблантираётганини» таъкидлади. Reuters эса Ғарб Туркия устидан назоратни сақлаб қолиш учун “кузир картаси”дан фойдаланганини тилга олди.
Дарвоқе, ушбу ҳужум ортида PKK тургани аниқ бўлса, демак у PKK’ни қўллаб-қувватлаётганларнинг буюртмаси. Жой ва вақтнинг танланиши эса ҳақиқатдан ҳам очиқчасига огоҳлантириш.
Хўш, нима
учун айнан ТUSАŞ заводи нишонга олинди? Таъкидлаш ўринлики, ТUSАŞ бугун
Туркиянинг авиация ва космонавтика соҳасидаги энг илғор ширкатларидан. Бу ерда
бешинчи авлод KAAN миллий ҳарбий самолёти ишлаб чиқарилади, HÜRKUŞ, HÜRJET ва
GÖKBEY каби замонавий ўқув-жанговар самолётлар энг сўнгги синовлардан муваффақиятли
ўтказилаётган бўлса, ANKA III стилс услубидаги учувчисиз учоғи жанговар
вазифаларини бажаришга тайёрланмоқда.
Бироқ яна
бир ташвишланарли ҳолат бор: бу учта ит барчанинг эътиборини чалғитиш учун
ташланган ҳўрак, асл мақсад ва нишон эса бошқага қаратилган бўлиши ҳам мумкин.
Буни вақт кўрсатади.
Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам, Туркия дунёнинг энг муҳим геосиёсий минтақасида жойлашган. Барча державалар кўз тиккан бу давлатда минглаб “уйқудаги ячейкалар” ўз вақтини кутиб ётибди. Уларнинг қўлидан минг турли қабиҳликлар келади.
Бир томондан
бу ўта хавфли ҳолат, иккинчи томондан эса мамлакат ва миллат доим сергак, ҳушёр
бўлишни талаб қилади.
Душманларинг
қанча кучли бўлса, сен улардан ҳам кучлироқ бўлишга мажбурсан. Акс ҳолда сени
янчиб ташлашади.
Санжар
Саид