14.05.2025 10:36
27
Афғонистон Ўзбекистонга 16 та юк машинасида Ҳирот оқ мармарини совға қилди
Афғонистон Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун 16 та юк машинасида Ҳирот оқ мармарини совға қилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 13 май куни Термиз халқаро савдо марказида учрашув бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Афғонистон бош вазири котибияти раҳбари Мулло Абдул Восе ҳамда Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо раҳбарлигидаги делегациялар иштирок этган.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, жумладан, савдо, транспорт, гуманитар ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув якунида Афғонистон томонидан Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун юборилган 16 та юк машинасидаги Ҳирот оқ мармари Ўзбекистон томонидан қабул қилиб олинган.
Балх вилояти волийси матбуот котиби Атоуллоҳ Зайднинг айтишича, ҳар бир юк машинасида 350 тадан мармар бор ва жами 4 минг квадрат метр майдонни қоплашга етади.